ИТБ Ўзбекистонга ажратадиган 600 млн долларнинг деярли ярми қишлоқларни ривожлантиришга сарфланади
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 623 минг нафар қишлоқ аҳолисининг муҳандислик инфратузилмасига бўлган эҳтиёжлари қондирилади.
Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) молиявий кўмаги билан «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳаси амалга оширилади. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 5 мартдаги 4224-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги 428-сонли қарорлари асосида Ислом тараққиёт банки томонидан ажратиладиган узоқ муддатли 600 миллион долларлик кредит доирасида амалга оширилади.
«Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳаси 2-фазаси бўйича ИТБ томонидан Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг 21 та туманларидаги 157 та маҳалла фуқаролар йиғинлари танлаб олинган.
Хусусан:
- Самарқанд вилояти Булунғур, Жомбой, Иштиҳон, Каттақўрғон, Нарпай, Оқдарё, Пахтачи, Самарқанд, Тойлоқ ва Ургут;
- Қашқадарё вилоятининг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Ғузор, Деҳқонобод ва Қамаши;
- Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Шеробод, Ангор, Музработ ва Термиз туманларида ишларни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Дастур доирасида Ислом тараққиёт банкининг жами 256 миллион доллар маюлағи жалб этилиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
- муҳандислик ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш (ички йўл, ичимлик суви, электр энергия, муқобил энергия ва бошқалар);
- ижтимоий соҳа объектлари (мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, тиббиёт муассасалари ва бошқалар)ни мавжудларини замонавий талаблар асосида таъмирлаш, янгиларини энерготежамкор ва замонавий қурилиш материаллари асосида қуриш.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 623 минг нафар қишлоқ аҳолисининг муҳандислик инфратузилмасига бўлган эҳтиёжлари қондирилади.