Ўзбекистон истеъмол бозорларида нархларга бўлган босим юқорилигича қолмоқда — Марказий банк
Ўзбекистонда йиллик инфляция суръати август ойида 12,3 фоизни ташкил этди. Истеъмол бозорларида талаб ва таклифга таъсир кўрсатувчи ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳисобига нархларга бўлган босим юқорилигича қолмоқда.
Ўзбекистонда истеъмол бозорида ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳисобига нархларга бўлган босим юқорилигича қолмоқда. Бу ҳақда Марказий банк 8 сентябрдаги йиғилишида маълум қилди.
Қайд этилишича, истеъмол бозорларида талаб ва таклифга таъсир кўрсатувчи ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳисобига нархларга бўлган босим юқорилигича қолмоқда. Август ойида йиллик инфляция суръати 12,3 фоизни ташкил этди.
Йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 16,3 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мос равишда 10,9 ва 7,1 фоизга қимматлашди.
Август ойи натижаларига кўра, аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 15,3 фоизгача, тадбиркорларнинг кутилмалари – 14,1 фоизгача пасайган бўлсада, жорий инфляция суръатларига нисбатан юқорилигича қолмоқда.
Шунингдек, жорий йил давомида шаклланган базавий инфляциянинг ўсувчи тренди ҳам иқтисодиётда инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Йиллик базавий инфляция августда 12,4 фоизни ташкил этиб, унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси 9,4 фоиз бандгача ошди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирганди.
Шунингдек, регулятор Ўзбекистонда инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганини маълум қилди. Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар май ойида кузатилган юқори даражасига нисбатан пасайишига қарамасдан, ҳамон 14-15 фоизни ташкил этмоқда.