Ўзбекистон ва Саудия Арабистони 12 млрд долларлик инвестиция келишувларини имзолади
Саудия давлат телеканали Ўзбекистон Саудия Арабистони билан 12 млрд долларлик инвестиция келишувларини имзолагани ҳақида хабар берди. Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан ушбу мамлакатга жўнаб кетганди.
Ўзбекистон Саудия Арабистони билан 11,99 миллиард долларлик 10 та инвестиция келишувини имзолади. Бу ҳақда Саудия давлат телеканалига таяниб, Reuters хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Саудия Арабистони Ўзбекистон билан умумий қиймати 45 миллиард риёл (11,99 миллиард доллар) бўлган 10 та сармоявий битим имзолаган.
Давлат телевидениеси битимларнинг моҳияти ҳақида қўшимча маълумот бермади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 17 август куни тонгда давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетганди.
Кейинчалик давлат раҳбари Саудия Арабистонига ташрифини Мадинаи Мунавварадан бошлаб, ушбу шаҳарга етиб боргани ҳақида хабар берилди.