Президент «Электрон ҳукумат» маркази билан танишди
Шавкат Мирзиёев «Электрон ҳукумат» ягона маркази билан танишди. «Бу марказ рақамлаштиришнинг ‘юраги’, ‘Электрон ҳукумат’нинг замини», — деди давлат раҳбари. Президент матбуот хизматининг ёзишича, марказ ишга тушиши билан давлат идоралари маълумотларининг киберҳужумлардан ишончли ҳимояси таъминланади.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилган «Электрон ҳукумат» тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида Ўзбекистонда илк бор катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази барпо этилди. Давлат раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Марказда Хитойнинг Huawei компанияси билан ҳамкорликда 20 пета байт хотирага эга тизим ташкил этилган. 580 та сервер, умумий электр қуввати 5 мегаваттли дизель генераторлар тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди.
Бинони совутиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тармоқлари ҳам барча талабларга жавоб беради. Умуман, Маълумотлар маркази халқаро Uptime институти томонидан бериладиган TIER III сертификатига эга.
«Бу марказ рақамлаштиришнинг ‘юраги’, ‘Электрон ҳукумат’нинг замини», — деди давлат раҳбари.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, мазкур марказ ишга тушиши натижасида давлат идораларининг маълумотларни сақлаш ва техник қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган миллиардлаб ҳаражатлари тежалади, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланади. Энг асосийси, киберҳужумлардан ишончли ҳимоя таъминланади.
Аввалроқ Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қозоғистон компанияси билан электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиши ҳақида хабар берилганди.