Сўмнинг реал алмашинув курси август ойида ҳам мустаҳкамланишда давом этди
Марказий банк сўмнинг реал алмашинув курси август ойида июлга нисбатан 1,4 фоизга мустаҳкамланганини маълум қилди. Регуляторнинг таъкидлашича, бу Ўзбекистоннинг савдо-ҳамкор давлатлари валюта курсларининг юқори суръатларда қадрсизланиши ва ички инфляция таъсири билан ифодаланади.
Ўзбекистон сўмининг реал алмашинув курси август ойида июлга нисбатан 1,4 фоизга мустаҳкамланди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Реал самарали алмашув курси шарҳида маълум қилинди.
Қайд этилишича, реал самарали алмашув курси 2022 йилнинг август ойида июль ойига нисбатан ўсувчи динамика қайд этиб, 1,4 фоизга мустаҳкамланган (2021 йил мос даврига нисбатан 3 фоизга, базавий ой — 2019 йилнинг сентябрига нисбатан 6 фоизга мустаҳкамланган).
Регуляторнинг таъкидлашича, август ойидаги реал самарали алмашув курсининг қадри ошиши асосан савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг юқори суръатларда қадрсизланиши ва ички инфляция таъсири билан ифодаланади.
Хусусан, мазкур индексни оширувчи омиллар сифатида савдо-ҳамкор давлатлар валюта курслари ўзгариши — 1,4 фоиз бандга, ички инфляция — 0,5 фоиз бандга таъсир этган бўлса, пасайтирувчи омил бўлиб савдо-ҳамкор давлатлар инфляцияси — 0,5 фоиз бандни ташкил этган.
Аввалроқ Ўзбекистон сўмининг реал алмашув курси 2018–2021 йилларда 31,5 фоизга мустаҳкамлангани ҳақида хабар берилганди.
Молия вазирлигининг 2021 йил якунлари бўйича макроиқтисодий кўрсаткичлар шарҳида маълум қилинишича, бу, ўз навбатида, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг асосий савдо ҳамкор давлатлар ишлаб чиқарувчилари билан рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келиши мумкин.