Uzbekistan Airways’даги 51 фоиздан кўпроқ давлат улуши савдога чиқарилади
Шу жумладан, акцияларни оммавий жойлаштириш (IPO) ишлари бошланади.
Ўзбекистонда бир қатор йирик давлат активлари хусусийлаштирилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Uzbekistan airways АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини савдога чиқариш, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) ишлари бошланади.
Шунингдек, халқаро инвестиция банки ва консультантларни жалб этган ҳолда, UzAuto Motors АЖ акциялар пакетининг 10 фоизгача қисми маҳаллий фонд бозорида оммавий жойлаштирилади (IPO) ва бу корхонанинг қолган улушини ҳамда UzAuto Motors Powertrain АЖ, Samarqand Avtomobil zavodi МЧЖни стратегик инвесторларга сотиш стратегияси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Таъкидланишича, тажрибали инвестиция банкини жалб этиб, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) орқали камида 49 фоиз улушини, шунингдек, «Иссиқлик электр станциялари» АЖдаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини хусусийлаштириш ишлари бошланади.
Халқаро консалтинг компанияси хулосалари асосида «Ўзбекгидроэнерго» АЖни ислоҳ қилиш стратегияси тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Бунда, янги кичик ва ўрта гидроэлектростанцияларни қуришда хусусий сектор иштирокидаги, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосидаги лойиҳаларни амалга оширишга устуворлик берилади.