
ХВЖ Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ва инфляция тезлашишини прогноз қилди
2025 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 6,8% даражасида бўлиши кутилмоқда, инфляция эса Марказий банк прогнозидан ошиб, 9,1 фоизни ташкил этиши мумкин. 2026 йил учун ҳам прогноз яхшиланган: ўсиш илгари тахмин қилинган 5,8 фоиз ўрнига 6 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) 2025−2026 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ва инфляция тезлашишини кутмоқда. Бу ҳақда «Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари» ҳисоботида сўз боради.
2025 йилда ХВЖ Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ўтган йилги 6,5 фоиздан 6,8 фоизгача тезлашишини прогноз қилмоқда. Апрель ойидаги шарҳга нисбатан баҳо 0,9 фоиз пунктга ошган. 2026 йил учун ҳам прогноз яхшиланган: ўсиш илгари тахмин қилинган 5,8 фоиз ўрнига 6 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Бироқ инфляция бўйича кутилмалар ёмонлашган. Апрель ойида ХВЖ инфляциянинг ўсиш суръати 8,4 фоизгача секинлашишини кутганди (2024 йилда — 9,6 фоиз), ҳозирда унинг 9,1 фоизгача тезлашиши прогноз қилинмоқда. Бундан ташқари, бу Марказий банкнинг сентябрь ойидаги матбуот анжуманида эълон қилинган прогнозидан (8,7 фоиз) юқори.
ХВЖ келгуси йил учун инфляция прогнозини ҳам ёмонлаштирган (7,1 фоиз). Шу билан бирга, апрель ойида 6,5% гача секинлашиш кутилган эди, бу Марказий банкнинг 5% ли мақсадига яқин.
Бундан ташқари, жорий операциялар ҳисоби сальдоси сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда: 2025 йилда жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ЯИМга нисбатан 2,4 фоизни (апрель ойидаги прогноз — 5 фоиз), 2026 йилда ЯИМга нисбатан 4,6 фоизни (4,8 фоиз) ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Эҳтимол, бу жаҳон бозорида олтиннинг қимматлашиши билан боғлиқ, чунки қимматбаҳо металлнинг нархи бир троя унцияси учун 4100 доллардан ошган.
Жаҳон банкининг янгиланган прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 6,2 фоизга, 2026 йилда эса 6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Мамлакат 2025−2026 йилларда Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг юқори ўсиш суръатларига эга бўлган бешта иқтисодиёт қаторида қолиши айтиляпти.






