Асосий мазмунга ўтиш
10 август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари июлда қарийб 590 млн долларга ошди

Олтиннинг физик ҳажми эса бир оз камайиб, бир ой аввалги 13,88 млн троя унциясидан 13,85 млн троя унциясига тушди.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари қиймати июндаги пасайишдан сўнг яна ўсишни бошлади. Марказий банк маълумотларида келтирилишича, 1 август ҳолатига кўра, мамлакатнинг жами олтин-валюта захиралари 64,34 млрдни ташкил этди. Бир ой ичида кўрсаткич 589,75 млн долларга ошди.

Захиралардаги олтиннинг қиймати 56,12 млрд долларни ташкил этиб, бир ойда 365,3 млн долларга ошди. Қайд этилишича, ой давомида олтин нархининг 4016,70 доллардан 4052,20 долларгача ўсишининг таъсири 0,49 млрд долларни ташкил этди.

Олтиннинг физик ҳажми эса бир оз камайиб, бир ой аввалги 13,88 млн троя унциясидан 13,85 млн троя унциясига (тахминан 430,8 тонна) тушди.

Захираларнинг валюта қисми 7,65 млрд долларни ташкил этди. Бу бир ой аввалги қийматдан 208,8 млн долларга кўп. Бошқа банклардаги нақд валюта ва депозитлар ҳажми 5,89 млрд долларга етди.

Хорижий қимматли қоғозлар ҳажми сезиларли камайди. Июль охирида у 1,76 млрд долларни ташкил этди

Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, Ўзбекистон ярим йилда 41 тонна олтин харид қилди. Июнь ойидаги энг фаол харидорлар қаторида Польша Марказий банки 19 тонна ва Хитой 15 тонна кўрсаткич билан етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон эса 9 тонна олтин харид қилиб, учинчи ўриндан жой олган.