
Тошкентда Хитойнинг Шинжон маҳсулотлари кўргазмаси бошланди
Тадбирнинг асосий мақсади — Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш.

Бугун, 21 октябрь куни “Анҳор Локомотив” боғи ҳудудида куз мавсумининг энг йирик халқаро тадбирларидан бири — “Ўзбекистон–Хитой: 14-Шинжон маҳсулотлари кўргазмаси”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида ҳамда Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгашининг (ССPIT) Шинжон ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади — Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес вакилларига Синьцзян-Уйғур автоном районида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, технологиялар ва ускуналар билан яқиндан танишиш имкониятини яратиш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборат.
Кўргазма доирасида агросаноат, маиший техника, ИТ, консалтинг, тиббиёт саноати, озиқ-овқат ва ичимликлар, чой ишлаб чиқариш, қурилиш, тўқимачилик ва кимё саноати, логистика ва энергетика соҳаларидаги етакчи Хитой компанияларининг стендлари намойиш этилмоқда.
Иштирокчилар орасида Bingtian (Xinjiang) Intelligent Technology Co., Ltd, Xinjiang Poplar Cable Manufacturing Co., Ltd, Xinjiang Oulite Wire Mesh Co., Ltd каби йирик ишлаб чиқарувчилар ҳам бор.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Хитой тадбиркорлари янги алоқалар ўрнатишга, келгусидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилишга муваффақ бўладилар. Шунингдек, очилиш маросими доирасида бир қатор келишувларга эришилиб, ҳамкорлик меморандумларини имзолаш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Кўргазма 23 октябрь кунига қадар давом этади.





