
Ўзбекистонда уй-жой савдоси ўсмоқда, иккиламчи уй-жой нархлари ошди
Сентябрда Ўзбекистонда уй-жой олди-сотдиси йиллик ҳисобда 13,7 фоизга, тўққиз ойда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,5 фоизга ўсди. Иккиламчи уй-жой нархи ўтган йилнинг сентябрига нисбатан 4,6 фоизга ошди.Тошкентда иккиламчи уй-жой нархлари пасайди, айни пайтда бирламчи уй-жой ва ижара нархи қимматлашди.

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори ҳам битимлар сони, ҳам нархлар бўйича ўсиш тенденциясини намоён қилмоқда. Бу Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) таҳлилидан келиб чиқади.
Сентябрда Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик ўтган ойга нисбатан 3,2 фоизга пасайди, лекин йиллик ҳисобда 13,7 фоизга ўсди.
Сентябрь ойи якунларига кўра, республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 24,2 мингтани ташкил этди (август ойида — 25 мингта). Йилнинг учинчи чорагида жами 75,5 мингта олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,6 фоизга, жорий йилнинг иккинчи чорагига нисбатан 11 фоизга кўп.
Ҳудудлар кесимида йиллик ҳисобда энг кўп битимлар Сирдарё (йиллик ўсиш — 35,6 фоиз) ва Бухоро вилоятлари (20,2 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (31,2 фоиз) қайд этилган. Йилнинг учинчи чорагида Бухоро вилояти (чораклик ўсиш — 27,3 фоиз), Сирдарё вилояти (24,9 фоиз) ва Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорларида (19,9 фоиз) энг кучли фаоллик кузатилди кузатилди.
Сентябрь ойида иккиламчи уй-жой бозорида бир квадрат метр учун ўртача нарх 0,6 фоизга, ўтган йилнинг сентябрь ойига нисбатан эса 4,6 фоизга ошди. Энг юқори нарх ўсиши Сурхондарё (19 фоиз), Сирдарё (15,8 фоиз) ва Жиззах (14,5 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Gazeta ўрганишларига кўра, тўққиз ой давомида уй-жой олди-сотди битимлари сони 212 мингга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларига (190,2 минг) нисбатан 11,5 фоиз юқори. Бироқ ўтган йилнинг биринчи ярми бўйича битимлар сони бўйича Марказий банк ва ИТИМ тақдим этган маълумотлар ўртасида тафовут мавжуд — мос равишда 160 минг ва 123,8 минг.
Тошкент шаҳрида уй-жой ва ижара бозори
Сентябрь ойида пойтахт иккиламчи уй-жой бозорида нархлар 0,6 фоизга ошди, шунга қарамай, 2024 йил сентябрь ойига нисбатан 1,7 фоизга пасайди. Иккиламчи уй-жой бозорида Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида нархлар энг кўп арзонлашди. Бу туманларда ўртача нарх пасайиши 4,3 фоизни ташкил этди.
Айни пайтда бирламчи уй-жой кўчмас мулк бозорида нархлар сезиларли — 3 фоизга ошди. Энг юқори нарх ошиши Миробод, Бектемир ва Яккасарой туманларида қайд этилди. Бу туманларда иккиламчи уй-жой нархлари ўртача ҳисобда 5,8 фоизга қимматлашди.
Сентябрь ойида Тошкентда уй-жой ижараси нархи бироз ўсиб, бир квадрат метр учун ўртача 8,5 долларни ташкил этди. Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида кузатилди.
Пойтахтда ижара нархлари йиллик ҳисобда 1,4 фоизга ошган. Энг катта ўсиш Юнусобод, Олмазор ва Миробад туманларида қайд этилди (ўртача 4,4 фоиз).





