Ўзбекистонда қайтарилмаётган микроқарзлар миқдори кескин ортди
Марказий банк микроқарзлар олиш билан бирга уларни қайтармаслик ҳолатлари кўпайгани банкларга катта зарар етказиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Ўзбекистонда муаммоли микроқарзлар миқдори сезиларли ортиб бормоқда. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, банкларга қайтарилмаётган (муаммоли) микроқарзлар миқдори 2,6 триллион сўмни ташкил этган. Мазкур кўрсаткич 2024 йил 1 июлдагидан 179 фоизга ўсган. Муаммоли микроқарзларнинг 57 фоизи шубҳали ва умидсиз деб топилган (бир йил аввалгидан 17 фоиз ошган). Яъни уларнинг қайтарилиш эҳтимоли жуда ҳам паст экани билдирилган.
2025 йил I ярмида банклардан микроқарз олганлар сони 2,6 миллион кишини ташкил этган. Бу бир йил олдингидан 29 фоизга кўп.
Марказий банк микроқарзлар олиш билан бирга уларни қайтармаслик ҳолатлари кўпайгани банкларга катта зарар етказиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Июль ойида муаммоли кредитларнинг 4,4 фоизини кичик миқдордаги фоизли қарзлар (микроқарз) ташкил этган. Бу 2024 йил мос даврига нисбатан 1,7 фоизга кўп.
Марказий банк микроқарзлар бўйича консентрация хавфи (қарзлар маълум сегментда жуда кўп тўпланиши) ўсишдан тўхтаганини урғулаган. Бироқ айрим банкларда микроқарзлар бўйича консентрация хавфи юқорилигича сақланиб қолаётгани қайд этилган.
