Шерзод Кудбиев Солиқ қўмитаси раислигидан кетди
Президент фармонига кўра, энди у Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритади.
Президент фармони билан Шерзод Давлятович Кудбиев Солиқ қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, у Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.
Фаррух Жахонгирович Пулатов эса Солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.
Шу муносабат билан у Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори лавозимидан озод этилди. У 2022 йил март ойидан буён шу лавозимда эди.
Шерзод Кудбиев 2023 йил август ойида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси этиб қайта тайинланганди.
2022 йил декабрь ойининг охирида, маъмурий ислоҳот эълон қилинганидан ва баъзи вазирлик ва идоралар бирлаштирилгандан сўнг, Кудбиев иқтисодиёт ва молия вазири бўлганди, уни Молия ва иқтисодиёт вазирликларининг вазифаларини, Божхона қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитасини ўзида бирлаштирган «супервазирлик» раҳабари деб аташаётганди.
Шерзод Кудбиев Давлат солиқ қўмитасини 2020 йил май ойидан 2022 йил охиригача бошқарган. У бунга қадар президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ва бошқа лавозимларда ишлаб келган.
