Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми қарийб $16 млрдга етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ўн ой якунлари бўйича Ички валюта бозори шарҳида келтирилган.
Жорий йилнинг январь-октабр ойларида трансчегаравий пул ўтказмалари орқали мамлакатга $15,8 млрд миқдорида валюта маблағлари келиб тушди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 25% ёки $3,2 млрдга кўп.
Бунда, трансфертлар миқдори кетма-кет икки ойлик пасайишдан кейин, октабр ойида бироз ошди — $1,86 млрд. Ўтган йилнинг шу ойига нисбатан ўсиш 36,8% бўлди. Жорий йилнинг август ойида пул ўтказмалари ҳажми $1,9 млрд (+22,6%), центабрда эса $1,84 млрд (+25,2%) ни ташкил этган.
Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатдан $2,2 млрд чиқиб кетган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан $147 млнга камайди.
Марказий банк 2026 йилда хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 6−10% га, ўрта муддатда эса 8−12% га ўсишини прогноз қилмоқда. Регулятор ўсишни хорижий валюталар курси динамикаси, меҳнат мигрантларига бўлган юқори талаб ва миграция йўналишларининг кенгайиши билан изоҳлади.
Биринчи ярим йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари 27%га ошиб, $8,2 млрдга етди. Бунда кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан $1,8 млрдга кўпайиб, $8,2 млрдни ташкил қилди.
Маблағларнинг 78%и — $6,4 млрди Россия ҳиссасига тўғри келади. Қолган қисми эса Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон, Литва ҳамда бошқа мамлакатлардан жўнатилган.


