Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Кино тавсия: уддабурон бизнесменлар ҳақида реал воқеаларга асосланган 5 та фильм

Фильмда акс этган қаҳрамонлардан бирини АҚШнинг собиқ Президенти Ричард Никсон «дунёдаги энг қудратли одам» деб атаган.

Фото: «barefootsworld.net»

Дам олиш куни ёки бўш вақт бўлганда фильм томоша қилиш ва маданий ҳордиқ чиқариш асабларни тинчлантиради, кайфият улашади. Шу сабабли, қуйида янги ҳафта олдидан руҳиятни кўтарувчи, уддабурон тадбиркорларнинг муваффақият йўлини акс эттирувчи фильмлар ҳақида сўз боради.

«Ford Ferrari’га қарши» (Ford v Ferrari) 2019 йил

Ушбу фильм реал воқеаларга асосланган. 1960-йилларнинг бошларида Генри Форд II компания имиджини яхшилашга ва кўпроқ замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш йўналишини ўзгартиришга қарор қилади. Деярли банкрот бўлган Ferrari’ни сотиб олиш бўйича муваффақиятсиз таклифдан сўнг америкаликлар италиялик рақибларини трассада синаб кўришга ва нуфузли 24 соат Ле-Манада ғалаба қозонишга қарор қилади.

Фото: Ford v Ferrari

Пойгада ғалаба қилиш учун мусобақага мос машинани яратиш керак эди. Бунинг учун компания автоконструктор Кэррол Шэлбини ёллайди. У эса пойгачи Кен Майлзни лойиҳага таклиф қилишни талаб қилади. Улар биргаликда кейинчалик машҳур бўлиб кетган Ford GT40 спорт автомобилини ишлаб чиқишга киришади.

«Авиатор» (The Aviator) 2004 йил

«Авиатор» — Мартин Скорсезенинг америкалик авиатор ва кино продюсери Говард Хьюз ҳақида ҳикоя қилувчи биографик драмаси. Фильмда бош ролни Леонардо Ди Каприо ижро этган.

Фото: The Aviator

Говард Хьюз америкалик тадбиркор, муҳандис, авиация кашшофи, режиссёр, продюсер бўлган. 1960-йилларнинг охирида Хьюз Қўшма Штатларнинг биринчи ёки иккинчи рақамли энг бой одами эди. Унинг молиявий ҳолати ўша вақтда турли манбаларга кўра, 1,4-2 миллиард долларга баҳоланган. Ўз вақтида АҚШнинг собиқ Президенти Ричард Никсон уни «дунёдаги энг қудратли одам» деб атаган.

«Гуру: муваффақиятга йўл» (Guru) 2007 йил

Ҳиндистонлик тадбиркор Хирубхай Амбанининг ҳаёти ушбу фильмга асос қилиб олинган. Хирубхай Амбани Reliance Industries компаниясининг асосчисидир. Ушбу компания ортидан Амбанилар 2007 йилга келиб дунёнинг энг бой иккинчи оиласига айланган.

Фильмда бош ролларни Абхишек Баччан ва Айшвария Рай ижро этган.

«Бахт излаб» (The Pursuit of Happyness) 2006 йил

Ушбу фильмда америкалик тадбиркор Крис Гарднернинг ҳаёти асос қилиб олинган. Тўғри, Крис миллиардер эмас, бироқ у барчасини нолдан ўзи қурган, тайинли таълим ҳам олмаган. Крис Гарднернинг ҳаёти 27 ёшга тўлганида сўнг ўзгара бошлайди. 2016 йилда унинг молиявий ҳолати 60 миллион доллар атрофида баҳоланган.

Фото: The Pursuit of Happyness

Фильмда бош рольни Уилл Смит ва унинг ўғли Жейден Смит ижро қилган. У камбағал савдо вакилидан муваффақиятли брокерга айланган одам ҳақида ҳикоя қилади.

«Ижтимоий тармоқ» (The Social Network) 2010 йил

Фильм Facebook ижтимоий тармоғининг яратилиш тарихи ҳақида бўлиб, унда миллиардер Марк Цукерберг билан танишиш ҳам мумкин. Марк Цукерберг миллиардер ҳисобланади. Унинг айни вақтдаги молиявий ҳолати 113 миллиард долларга тенгдир.

Фото: The Social Network

Маркнинг Meta компанияси бугунги кунда Instagram, WhatsApp каби бир нечта машҳур мессенжер ва ижтимоий тармоқларга эгалик қилади. Барчаси эса айнан Facebook’дан бошланганди.

Фильмда Жесси Айзенберг, Эндрю Гарфилд, Жастин Тимберлейк ва Арми Хаммер каби машҳурлар бош ролларни ижро этган.