Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга қанча кешбэк тўлаб берилгани очиқланди
Олти ой давомида 651,3 минг нафар истеъмолчига харид чеклари бўйича ижтимоий кешбэк тўланган. Шу даврда тизим орқали 6 миллион 11,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган.
2026 йилнинг январь—июнь ойларида Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга 179,2 миллиард сўм миқдорида ижтимоий кешбэк тўлаб берилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, олти ой давомида 651,3 минг нафар истеъмолчига харид чеклари бўйича ижтимоий кешбэк тўланган. Шу даврда тизим орқали 6 миллион 11,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган.
Ҳудудлар кесимида энг катта кешбэк Андижон вилоятига тўғри келган. Бу ҳудуддаги фуқароларга 96,3 миллиард сўм қайтарилган. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри 15,2 миллиард сўм ва Самарқанд вилояти 14 миллиард сўм билан қайд этилган.
Маълумот ўрнида, 2023 йил 1 майдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар айрим маҳсулотларни харид қилганда одатдаги 1 фоизлик кешбэк ўрнига харид суммасидаги 12 фоизлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни ижтимоий кешбэк сифатида қайтариб олади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг январь—март ойларида 621,6 минг нафар истеъмолчига 161,5 млрд сўмга яқин ижтимоий кешбэк тўлаб берилганди. Март ойининг ўзида 65,1 млн сўм ҚҚС қайтарилган.
