Магнитогорск металлургия комбинати (ММК)нинг асосий акциядори миллиардер Виктор Рашников Ғарбнинг унга қарши санкциялари устидан шикоят қилмасликка қарор қилди. Бу ҳақда миллиардер журналистлар билан суҳбатида маълум қилди.
Маълум қилинишича, чекловларга қарши эътироз билдириш ўрнига, тадбиркор компанияда назоратни тарк етиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
«Бунга қарши шикоят қилиш фойдасиз, назорат пакетидан узоқлашиш керак бўлган бошқа стандарт чоралар мавжуд. Биз бугун ишлаймиз, ўйлаб кўрамиз», — деди у.
Миллиардернинг қўшимча қилишича, санкциялар туфайли ММК аллақачон тўловларни амалга оширишда муаммоларга дуч кела бошлаган.
«Бу завод учун фалокат. Ҳаммаси дарҳол остин-устун бўлди, биз одатдагидек тўловларни амалга ошира олмадик. Ҳамма бирданига юз ўгирди. Аммо буларни ортда қолдирамиз, жамоа, тажрибали менежерлар бор», — дейди Рашников.
Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан сўнг бир неча россиялик миллиардерлар, жумладан Виктор Рашников бир қатор санкцияларга дуч келди. Унга қарши шахсий чекловлар, хусусан, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи томонидан ўрнатилди. Санкциялар остида қолишидан олдин миллиардер ММКдаги улушини (79,76 фоиз) Mintha Holding Limited компаниясидан Россиянинг «Альтаир» компаниясига ўтказган.
Forbes’нинг 2021 йил апрел ойида тузилган рейтингига кўра, Рашниковнинг бойлиги 11,2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Тадбиркор Россиядаги энг бой одамлар рўйхатининг 15-қаторини эгалламоқда.
Аввалроқ Миллиардер Андрей Мельниченко Ғарб санкциялари бўйича судга ариза бериши хабар қилинганди. Шунингдек, Португалия санкцияларга учраган Абрамович бўйича яна бир муносабат билдиргани ҳақида хабар берилди.


