Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Илон Маск Украинага минглаб Starlink сунъий йўлдош интернети антенналарини юборди

Польша ва Франция тўлов бўйича ёрдам кўрсатган бўлиши мумкин.

Фото: Twitter / @FedorovMykhailo

Илон Маскнинг SpaceX компанияси украиналикларга минглаб Starlink сунъий йўлдош интернети тўпламларини юборди. Бу ҳақда CNBC телеканалига хусусий космик компания президенти Гвин Шотвелл маълум қилди.

Шотвеллнинг сўзларига кўра, етказиб бериш харажатлари хусусий манбалар ва эҳтимол Франция ва Польша томонидан молиялаштирилган. Компания президенти АҚШ молиялаштиришга кўмаклашган, деб ўйламайди.

«Украинадаги одамларни терминаллар билан таъминлай олганимиздан фахрланаман. Менимча, бу одамларни алоқада ушлаб туриш жуда фойдали бўлди», — деди Шотвелл Вашингтондаги Satellite 2022 конференциясида сўзлаган нутқида.

Шотвелл юборилган сунъий йўлдош антенналари сонини тасдиқлай олмади.

Starlink сунъий йўлдош тўпламига ликопча шаклидаги антеннанинг ўзи, уни ўрнатиш учун штатив ва Wi-Fi роутерни киради. Бундай тўпламдан фойдаланиб SpaceX сунъий йўлдош флотилияси томонидан тарқатиладиган Интернетга тўғридан-тўғри уланиш мумкин — компания «космик» Интернет лойиҳаси доирасида 2000 га яқин сунъий йўлдошни учирган.

Маск Украина рақамли коммуникациялар вазири Михаил Федоров ундан ёрдам сўраганидан сўнг дарҳол Starlink терминалларини Украинага жўнатишни бошлади.

Шунингдек, «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозин Украинада Starlink ишга туширилганига муносабат билдириб, SpaceX’нинг битта станцияси 10 минг доллар туриши ва бу Маскнинг урушдаги пиари эканини айтди.

Аввалроқ Илон Маск Россия ОАВни Starlink орқали блоклашдан бош тортгани хабар қилинганди.