Новолипецк металлургия комбинатининг («НЛМК») акциядори Владимир Лисин Россиянинг энг бой миллиардери бўлди, унинг бойлиги 18,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Буни Forbes’нинг дунёдаги энг бой одамлар рейтинги тасдиқлайди.
Маълумотларга кўра, Лисин «НЛМК» акционери Владимир Потанинни (17,3 миллиард доллар), Telegram асосчиси Павел Дуровни (15,1 миллиард доллар), «Новатэк» акциядори Леонид Михельсонни (14 миллиард доллар) ва «Северсталь» бенефициари Алексей Мордашовни (13,2 миллиард доллар) ортда қолдирди.
Владимир Лисин учун бу биринчи «олтин медаль» эмас: металлург аллақачон 2010, 2011 ва 2018 йилларда энг бой россияликлар рўйхатида етакчилик қилган.
Миллиардернинг бойлиги 2021 йилга нисбатан 7,8 миллиард долларга камайди, бир йил аввал у 26,2 миллиард доллар бойлиги билан учинчи ўринда эди. Украинадаги уруш ва ундан кейинги иқтисодий санкциялар фонд бозори ва рубль курсининг қулашига олиб келди. Бу эса рейтингдаги 88 нафар миллиардердан 65 нафарининг бойлиги камайишига олиб келди, яна етти нафариники эса ўзгармасдан қолди.
Владимир Лисин нисбатан омадли бўлди — на унга, на унинг комбинатига санкция қўлланмади. Агар уруш бўлмаганида, унинг натижаси деярли икки баравар юқори бўлиши мумкин эди. Сабаби 2021 йил металлурглар учун муваффақиятли йил бўлди: «НЛМК»нинг 2021 йилдаги соф фойдаси 4,1 бараварга ошиб, 5,036 миллиард долларни ташкил этди. Тахминан 2,7 миллиард доллар Лисин акциялари дивидендларига тўғри келди.
Аввалроқ Forbes дунёнинг энг бой 20 нафар одамини аниқлагани хабар қилинганди. Шунингдек, россиялик миллиардерлар Донбасс ҳақидаги хабарлар фонида 8 миллиард доллардан кўпроқ пул йўқотгани ҳақида хабар берилди.


