Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров энг бой россияликлар орасида учинчи ўринни эгаллади, унинг бойлиги 15,1 миллиард долларга баҳоланмоқда. Буни Forbes талқини бўйича дунёнинг энг бадавлат одамлари рейтинги тасдиқлайди.
Маълум қилинишича, 2021 йили 37 ёшли Дуровнинг бойлиги 2,1 миллиард доллар кўпроққа, яъни 17,2 миллиард долларга баҳоланганди. Ўшанда Дубайда яшовчи тадбиркор Россия рўйхатида тўққизинчи ўринни эгаллаган эди. Дуровнинг учинчи ўринга кўтарилишига бошқа кўпчилик россиялик миллиардерларнинг бойлигининг тенгсиз даражада пасайиши ёрдам берди.
Россия рейтингининг биринчи ўнталигига кирувчи барча ишбилармонлар, Дуровдан ташқари, саноат секторини ифодалайди, улардан беш нафари ҳозирда санкциялар остида. Уларга тегишли компанияларнинг акциялари Украинада уруш бошланганидан бери икки баравардан кўпроққа камайди.
Дуровнинг бойлиги унчалик кескин камайгани йўқ, чунки унинг асосий активи Telegram мессенжери Ғарбдаги рақобатчилари, хусусан, Metaга тегишли WhatsApp ва Facebook билан солиштирган ҳолда баҳоланади. Йил давомида Meta котировкалари 295 доллардан (2021 йил 11 март ҳолатига кўра маълумотлар) 187,6 долларгача (2022 йил 11 мартдаги ёпилиш нархи, шу санадаги акциялар баҳоси бутун дунё бўйлаб миллиардерларнинг бойлигини баҳолаш учун олинган) камайди.
Ҳисоб-китобларига кўра, Telegram баҳоси бироз пасайган, аммо ўсишда давом этмоқда. 2021 йилда мессенжер фойдаланувчилари сони, бозор иштирокчиларига кўра, камида 500 миллиондан 600 миллион кишигача ўсган. Америка ижтимоий тармоқларининг Россияда ишлашини тақиқлаш мамлакат ичида Telegram’га қизиқишнинг ортишига сабаб бўлди, бу эса унинг аудиторияси тез суръатларда ўсишда давом этишини англатади.
Аввалроқ Дуров Telegram’да Илон Маск учун аккаунт банд қилиб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бразилия Олий суди Telegram’ни блоклаш ҳақидаги қарорни бекор қилгани ҳақида хабар берилди.


