Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, 2021 йилнинг 1 январидан 31 мартигача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,4 фоизга ошган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Kommers.uz’га маълумот берди.
Жумладан, Бухоро (42,4 фоиз), Фарғона (40,8 фоиз), Хоразм (36,6фоиз), Самарқанд (35,7фоиз), Андижон (32,2 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (32,8 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (49,0фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Солиқ тушумларининг ўсиши солиқ базасини кенгайтириш (солиқ ислоҳотлари ва солиқ имтиёзларини бекор қилиш), иқтисодий ўсиш (шунингдек, 2020 йилда жорий этилган карантин чектовларини юмшатиш), солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳисобига таъминланди.
Таҳлил қилинаётган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 45,7 фоизга ошди. Даромаднинг энг катта ўсиши Жиззах (2,8 баробар), Сирдарё (2,0 баробар), Хоразм (1,9 баробар), Қашқадарё (77,8 фоиз), Бухоро (70,1 фоиз) ва Андижон (62,7 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Божхона тушумларининг ўсиши импорт ҳажмининг ва валюта айирбошлаш курсининг ўсиши, божхона органлари томондан божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, товарларни эркин муомалага чиқариш жараёнларини тезлаштириш ва божхона маъмуриятчлигига янги методларни жорий этиш ҳисобига таъминланди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,2 фоизга ошган. Товарлар экспорт ҳажмининг ўсиши Қашқадарё (63,4фоиз), Наманган (44,2 фоиз), Фарғона (38,1 фоиз), Самарқанд (35,4 фоиз), Сирдарё (29,1 фоиз) ва Навоий (17,6 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.
Жорий йилнинг 1 январидан 31 мартигача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,5фоизга ўсди.
Берилган кредитлар ҳажмининг ўсиши Андижон (83,5 фоиз), Самарқанд (59,5 фоиз), Фарғона (26,3 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (18,5 фоиз) кузатилган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, базис даврда (2021 йил январь ва февраль) иқтисодиётнинг реал секторидаги йирик лойиҳаларга кредитлар ажратилган. Ҳисобот даврида асосан ушбу лойиҳалар учун кредитларни қайтариш бўйича операциялар амалга оширилмоқда.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 43,8 фоизга ўсди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Навоий (62,7 фоиз), Жиззах (60,3 фоиз), Хоразм (46,6 фоиз) вилоятлари, Қорақалпоғистонда (64,7 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (92,3 фоиз) кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қора металлар, пахта толаси, катод қопламали металл, полиэтилен, озуқабоп буғдой, қурилиш материаллари, спиртли ичимликлар ва бошқалар каби товарлар савдосини кўпайтириш орқали таъминланган.
Бу даврда 49 923 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (6149), Фарғона (4702), Тошкент (4305), Андижон (4119), Қашқадарё (3835) вилоятларида ва Тошкент (6990) шаҳрида рўйхатга олинган.
Юсуп Жумабаев, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


