Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Россия автосаноати Tracker ва Onix’га эмас, «Москвич» ва «Волга»ларга ўтади

«Россия автомобил дилерлари» ассоциациясининг хабар беришича, 2021 йилда Россия фуқаролари янги енгил автомобиллар харид қилиш учун 3 трлн рублдан ортиқ пул сарфлаган. 

Интернетда Chevrolet Tracker саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш ва Асака заводида PPV партиясининг илк Chevrolet Onix машинаси чиққани ҳақидаги хабар тарқалган заҳоти, бутунжаҳон тўрнинг рус сегментида бу автомобиллар гўёки Россияга сотиш учун махсус чиқарилган, деган миш-мишлар тарқалди. 

Таъкидланишича, буни россиялик «диван экспертлари» Ўзбекистонга UzAuto Motors заводлари ишлаб чиқара оладиган даражада кўп замонавий машиналар керак эмаслиги билан изоҳлаган.  

Далиллар, албатта, кулгули ва ўртамиёна россиялик Ўзбекистон автомобиль бозори ҳақида қанчалик кам маълумотга эга эканини кўрсатади. Аммо UzAuto Motors’нинг янги машиналарига бўлган қизиқишни тушунса бўлади. «Россия автомобиль дилерлари» ассоциациясининг хабар беришича, 2021 йилда бу мамлакат фуқаролари янги енгил автомобиллар харид қилиш учун 3 триллион рублдан ортиқ пул сарфлаган. 

Бунда сотувлар 2021 йилгига қараганда 21 фоиз атрофида ошган. Жами («Автостат» таҳлил агентлиги маълумотларига кўра) 2021 йил давомида россияликлар 1,536 милионта енгил автомобиль харид қилган, бу Европада тўртинчи ўринга мос келади. Бундан каттароқ кўрсаткичлар фақат учта мамлакатда, булар – Германия (2,622 милионта автомобил сотилган, бу аввалги йилга қараганда 10 фоизга кам), Францияда (1,659 млн автомобил) ҳамда Буюк Британия (бир йилда 1,647 милион автомобил реализация қилинган).

Кореянинг KIA автомобилларини харид қилиш учун россияликлар 340 миллиард рублдан ошиқ маблағ сарфлаган. 300 миллиардга яқини Япониянинг Toyota’си ҳамёнига тушган, 280 миллиард атрофидаги пул Германиянинг BMW’си ва тахминан яна шунча Россия LADA’си ҳамда 260 миллиарддан сал кўпроқ маблағ – Mercedes-Benz премиум маркасини харид қилиш учун сарфланган. 

Топ-10таликка, шунингдек, Hyundai (250,4 миллиард рубль), Volkswagen (158 миллиард рубль), Renault (153,3 миллиард рубль), Skoda (148,1 миллиард рубль) ва Nissan (105,3 миллиард рубль) ҳам кирган. Барча топ таниқли белгиларда сотувлар ошгани қайд этилган. Айниқса, бу кўрсаткич BMW (+30,4 фоиз) ва Mercedes-Benz (+26,1 фоиз)да юқори. 

Шу тариқа, баҳорги санкциялар туфайли кўплаб хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг Россиядан чиқиб кетиши, юмшоқ қилиб айтганда, автогигантлар учун «иқтисодий жиҳатдан асоссиз» кўринмоқда. Аммо бунда Россияда улкан қондирилмаган талаб қолмоқда. 

Шу билан бирга худди ўша 2021 йилда РФда хитой брендлари савдолари улуши икки баробар ошиб, умумий савдо ҳажмининг 6,9 фоизини ташкил этганини қайд этиш жоиз. Жами 2021 йилда Россияда 115,7 мингта янги хитой автомобили сотилди, бу хитойлик ишлаб чиқарувчилар учун рекорд бўлди. 

Демак, йирик ғарб компаниялари рақобатчилари Россияда вақтини бекор ўтказмаяпти. Тула вилоятида Хитойнинг Haval компаниясига тегишли «Хавейл Мотор Мануфэкчуринг Рус» заводи ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу ерда автомобиллар хитой бутловчи қисмларидан йиғилмоқда.

F7 кроссовери ва унинг купесифат варианти F7x, рамали йўлтанламас H9 ва Jolion автомобилларини ишлаб чиқариш режаси бор. Шунингдек, конвейерда Haval Dargo кроссовери навбатда турибди. Липецк вилоятида эса 11 йил давомида  Evolute бренди остидаги чуқур даражада маҳаллийлаштирилган электромобил ишлаб чиқаришни ташкил этишга 13 миллиард рубль сармоя киритилади. (Ҳар ҳолда, буни ваъда қилишмоқда, аммо 13 йилдан кейин натижа қандай бўлишини фақат вақт кўрсатади). 

Россиялик ишлаб чиқарувчилар ҳам қўл қовуштириб ўтиришни хоҳламаяпти. Ваҳоланки ҳозир Тольяттида вазият мураккаб. Renault кетганидан сўнг машина ишлаб чиқариш ўта қисқарган ҳажмда амалга оширилмоқда. Электрон компонентлар ҳам катта муаммога айланган. 

8 июндан конвейернинг фақат бир тармоғи ишга тушди, у ерда Lada Granta’нинг хавфсизлик ёстиқчаси, АБС ва қатор электрон қурилмаларсиз соддалаштирилган версиялари йиғилади. Яқин келажакдаги «Автоваз» режалари рўйхатида Lada Niva’ни соддалаштирилган вариантда чиқариш ҳам бор. Бу машиналар европа талабларига қай даражада мос келиши жуда қизиқ саволлигича қолмоқда. 

Москвадаги эндиликда собиқ Renault заводига келсак, у пойтахт ҳукуматига топширилганидан сўнг бу ерда «Москвич» автомобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Ишлаб чиқариш тўғрисида қарорни Москва мэри Сергей Собянин овоза қилди ва истиқболда бу автомобиль замонавий электрокар кўринишида бўлишини таъкидлади. 

Сўнгги маълумотга кўра (уни «Известия» газетаси эълон қилди) янги «Москвич»ларни ишлаб чиқариш катта эҳтимол билан Хитойнинг JAC компанияси зиммасига юкланади. Яна бир «оламшумул» хабар шундан иборатки, Горький автозаводида  «Волга» ва «Победа» автомобилларини ишлаб чиқаришни тиклашмоқчи. Мазкур баёнот бир талай танқид ва ақл бовар қилмас тахминларга сабаб бўлди. 

Зеро, бу қайтадан тиклаш эмас, брендни нолдан яратишни англатади. Бу эса хорижий ҳамкорларни жалб этишни талаб қиладиган фавқулодда мураккаб вазифа. Ва ягона ечим дўстона кайфиятдаги мамлакатлар, биринчи навбатда Россия бозорини тарк этган француз ва япон брендлари ўрнини эгаллашга тайёр хитойлик ишлаб чиқарувчилар билан кооперация бўлиб қолмоқда. 

Қандай хулоса чиқариш мумкин? Жуда оддий – россияликларнинг Ўзбекистоннинг Tracker ваOnix’ларига бўлган қизиқиши улкан. Ахир бу ишлаб чиқарилиши ҳали бошланмаган ёки шунчаки ваъда қилинаётган автомобиллар эмас, сифати кафолатланган, конвейердан саноат қамровида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган машиналардир.