Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Тадбиркорларга янги сув ҳисоблагичлар ўрнатганлик учун солиқ имтиёзлари берилади

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи сув ҳисоблагичлар ўрнатилади. Тадбиркорларга сув ҳисоблагичларини ўрнатганлик учун БҲМнинг 4 бараваригача солиқ имтиёзлари берилади.

Тадбиркорларга енгиллик яратиш мақсадида, сув ҳисоблагичларини ўрнатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача солиқ имтиёзлари берилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

Маълум бўлишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчилар томонидан ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилади.

Шу билан бирга, сув ҳисоблагичларини ўрнатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача солиқ имтиёзлари берилиши айтилган.

2024 йил 1 январдан бошлаб масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатмаган юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчиларга ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун сувни ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланмаган истеъмолчилар сифатида ҳисоб-китоб амалга оширилиши таъкидланган.

2023 йилдан бошлаб хорижий ҳамда маҳаллий сув ҳисоблагич ишлаб чиқарувчилар бу техник талаблар асосида сув ҳисоблагич ускуналарини таклиф этиши мумкин бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда сув таъминотини яхшилашга хусусий сектор жалб қилиниб, уларга енгилликлар берилиши хабар қилинганди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари 1 майга қадар сув таъминоти бўлмаган маҳаллаларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни тоифаларга ажратишга топшириқ берган.

Таъкидланишича, бунда қайси маҳаллада қудуқ қазиш, қайси бирига марказлашган тармоқ тортиш ёки марказий ҳовуз барпо этиш лозим, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши зарур.

Бу ишларга хусусий секторни жалб қилиш учун бир қатор енгилликлар берилади. Жумладан, сув етказиб бериш ускуналари, махсус транспорт харид қилишга ва объектлар қуриш учун кредит фоизининг 14 фоизидан юқори қисмига субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, импорт қилинадиган ускуналар ва техникаларга божхона божлари бекор қилинади. Шунингдек, хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналарига фойда, ер, мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади.