Бухоро вилоят суди биносида 2023 йил 31 январь куни Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган (2022 йил 1-2 июль кунлари) 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Елубай Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган судланувчилар
Саламат Калилаев Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 3 йил озодликдан махрум қилиш жазосига судланиб, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) га асосан дастлабки уй қамоғида ўтирган 6 ой 4 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 5 ой 26 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилиб, жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланди;
Бердах Генжебаев Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисми “б” банди, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди ва 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 5 йил озодликни чеклаш жазосига судланиб, Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида, дастлабки қамоқда сақланган 1 ой 19 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 10 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиб, унга нисбатан қўлланилган уй қамоғи эхтиёт чораси бекор қилинди.
Нурлан Султамуратов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил;
Полат Нурниязов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 4 йил;
Қаҳарман Сейтимов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил;
Саиыпназар Калимов билан Арыслан Темирханов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, хар бири 6 йилдан;
Полат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57-моддалари қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил;
Амирбек Адилбеков Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 7 йил;
Бахтияр Кадирбергенов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси (безорилик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 7 йил;
Сейдабулла Медетов билан Нурлан Найыпов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, хар бири 7 йилдан;
Разбек Бекмуратов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 247-моддаси (ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 8 йил;
Султанбек Каипов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 8 йил;
Даўлетмурат Джиемуратов Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми билан айбсиз деб топилиб, Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК)нинг 83-моддаси (реабилитация асослари) 3-бандига асосан оқланиб, Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 8 йил;
Байрам Сейтниязов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 8 йил;
Аллабай Тоқимбетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоларига судландилар.
Озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланганларга нисбатан тайинланган жазо муддатларини улар қамоққа олинган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Суд залида қамоқдан озод қилинган судланувчилар
Азамат Нуратдинов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 5 йил, Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 13 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 17 кун;
Ахмет Сметуллаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан айбсиз деб топилди ва оқланди, Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб 5 йил, Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 22 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 8 кун;
Азамат Турданов Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан айбсиз деб топилди ва оқланди, Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 45, 57-моддалари қўлланилиб 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил, Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 25 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 5 кун озодликни чеклаш жазосига судландилар.
Озодликни чеклаш жазосига судланган Азамат Нуратдинов, Ахмет Сметуллаев ва Азамат Турданов суд залида қамоқдан озод қилинди.
Лолагул Каллыханова Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 8 йил озодликдан махрум қилиш жазосига судланиб, Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтирган 6 ой 24 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 7 йил 5 ой 6 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб,жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
Даулетмурат Тажимуратов Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Шунингдек, судланганлар Даулетмурат Тажимуратов, Лолагул Каллыханова, Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев ва Даўлетмурат Джиемуратовнинг айбидан Жиноят кодексининг 28,104-моддаси 3-қисми “а” банди, судланганлар Разбек Бекмуратов билан Султанбек Каиповнинг айбидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “а” банди (ушбу ҳаракатлар Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олинганлиги сабабли), судланган Азамат Нуратдиновнинг айбидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди (қўйилган айблов ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли) чиқарилди.
Содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган зарар миқдори
Бундан ташқари, содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,8 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг 256 миллион сўми қопланганлиги инобатга олиниб, қопланмаган 6,5 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарларни судланганлардан солидар тартибда ундириш, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган 228 миллион сўм зарарни судланган Даулетмурат Тажимуратовдан ундириш, судланганларга тегишли бўлиб жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланди.
«Мазкур ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади. Шунингдек, жиноят ишини тергов қилиш давомида йўл қўйилган айрим хато-камчиликларга нисбатан хусусий ажрим чиқарилди», дейилади Олий суд хабарида.


