Ўзбекистонда 2000 га яқин хонанда даромади тўғрисида солиқ декларацияси тўлдирди
Июнь ойи охирида ишга туширилган хизмат хонанда ва ижрочиларга солиқ органларига йиллик умумий даромадлари тўғрисидаги декларацияни соддалаштирилган тартибда тақдим этиш имконини беради.

Солиқ қўмитаси Солиқ мобил иловасида концерт-томоша фаолияти вакиллари учун солиқ декларациясини топшириш бўйича жорий этилган янги хизматнинг дастлабки натижалари билан бўлишди.
Июнь ойи охирида ишга туширилган хизмат хонанда ва ижрочиларга солиқ органларига йиллик умумий даромадлари тўғрисидаги декларацияни соддалаштирилган тартибда тақдим этиш имконини беради. Шу мақсадда тизим «Ўзбекконсерт» давлат муассасасининг маълумотлар базаси билан интеграциялашган.
Лицензияга эга бўлган санъаткорлар иловада ўз шахсини ва Face ID’сини тасдиқлаганидан сўнг хизматдан автоматик равишда фойдаланиши мумкин.
Қўмита маълумотларига кўра, 1954 нафар лицензия эгаси солиқ декларациясини топширган.
Тақдим этилган декларациялар сони бўйича топ 5 та ҳудудга қуйидагилар киради:
- Хоразм вилояти — 294 та;
- Тошкент шаҳри — 291 та;
- Бухоро вилояти — 212 та;
- Самарқанд вилоятида — 207 та;
- Тошкент вилояти — 157 та.
Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси томонидан концерт ва саҳна санъати соҳаси вакиллари ўртасида #mendeklaratsiyatopshirdim_challenge хештеги остида челленж бошланди.
Апрель ойида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан бошлаб санъаткорларнинг даромадларини декларациялаш ва солиққа тортиш тартиби кучайтирилиши ҳақида маълум қилганди. Унгача уларга санкцияларсиз декларацияларни тўғри топшириш имконияти берилади.
Қўмита бўлим бошлиғи Абдуқаҳҳор Маҳмудовга кўра, олдинги йилларда санъаткорларда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш ёки даромад декларацияси тўлдириш имконияти бўлган, яъни улар иккисидан бирини танлаб, солиқ тўлаган. 2024 йил 1 январдан бошлаб эса президент томонидан имзоланган фармонга асосан, уларнинг барчаси декларация тизимига ўтказилиб, шу орқали солиқ тўлаши белгилаб қўйилди.



