Президент хомашё ва бутловчи қисмлар учун тарифларни қайта кўриб чиқиш топшириғини берди
Шавкат Мирзиёев 1 ноябргача ҳар бир тармоқ, ҳудудий корхоналар талабини ўрганиб хомашё ва бутловчи қисмлар учун тарифларни қайта кўриб чиқишни буюрди. Шунингдек, 2028 йилгача аралаш мато ва газлама бождан озод этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида хомашё ва бутловчи қисмлар учун тарифларни қайта кўриб чиқишни топшириғини берди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Жаҳон банки экспертлари мамлакатга тариф сиёсати ишлаб чиқаришни рағбатлантириши кераклигини билдирган. Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида барча соҳалардаги тадбиркорлардан бу йўналишда 130 та мурожаат келиб тушган.
Шундан келиб чиқиб, давлат раҳбари бош вазирнинг иқтисодиёт ва инвестицияга масъул ўринбосарларига 1 ноябргача ҳар бир тармоқ, ҳудудий корхоналар талабини ўрганиб, бошқа хомашё ва бутловчи қисмлар учун тарифларни қайта кўриб чиқишни топширди.
Шунингдек, президент эндиликда импорт жараёнида мувофиқлик сертификатлари ҳар бир партияга эмас, шартномада кўрсатилган ҳажм учун берилишини маълум қилди.
Арзон хомашё билан таъминлаш мақсадида 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газламани божхона божидан озод этилади.



