Банкларда кредит ажратиш бўйича коррупция хавфи юқорилиги маълум қилинди
Марказий банк сўровномасида иштирок этганларнинг 42,7 фоизи бундай хавф лизинг, факторинг, лойиҳаларни молиялаштириш, конверцион амалиётлар ва бошқа хизмат турларида мавжудлигини қайд этди.

Марказий банк жорий йил 8–15 август кунлари аҳоли орасида аноним сўров ўтказди. Сўров асносида Ўзбекистон банк тизимининг қайси турдаги хизматларида коррупция хавфи юқорилиги ўрганилган.
Саволларга республиканинг барча ҳудудларидан қатнашган 6 438 нафар респондент жавоб берган. Уларнинг 58,7 фоизи давлат хизматчилари бўлган. Яна 26 фоизи тадбиркорлар, 8,3 фоизи банк-молия соҳаси вакилларини ташкил этган.
Иштирокчиларга бир қанча саволлар берилган. Жумладан, банк хизматларининг қайси турида коррупция хавфи юқори деб ҳисоблайсиз, дея сўралган. Респондентларнинг 49,4 фоизи кредит ажратишда коррупция хавфи юқорилигини билдирган. Иштирокчилардан 42,7 фоизи бундай хавф лизинг, факторинг, лойиҳаларни молиялаштириш, конверцион амалиётлар ва бошқа хизмат турларида мавжудлигини қайд этган.
Қатнашчилардан 7,3 фоизи банк карталари беришда, 6,6 фоизи ҳисоб-китоб, тўловлар ва касса хизматларида коррупция хавфи юқорилигини билдирган.
Банк ходимлари томонидан коррупцион ҳаракатлар содир этилишига дуч келганмисиз, деган саволга 94,1 фоиз иштирокчи «йўқ», деб жавоб берган.
Банк хизматлари кўрсатилишида «таниш-билишчилик»дан фойдаланганмисиз, дея сўралганда, 90,4 фоиз респондент манфий жавоб берган.
Банкларда ишга қабул қилиш тизимида коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганмисиз, деган саволга 91,9 фоиз қатнашчи «йўқ» деган.
Сўров иштирокчиларидан банк тизимида коррупция ҳолатлари содир этилишида асосий сабаблар ҳақидаги фикрлари ҳам олинган. Респондентлардан 53,5 фоизи бунга банк ходимлари иш ҳақи пастлиги сабаб бўлишини билдирган. 30,9 фоиз қатнашчи фуқароларда молиявий саводхонлик етишмаслигини қайд этган. Яна 16,9 фоиз иштирокчи банк ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан етарлича назорат ўрнатилмаганини тахмин қилган.




