Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга 500 млн доллар ажратади
Мазкур маблағ «Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастури»нинг иккинчи босқичи доирасида ажратилади. Дастур фискал шаффофликни кучайтириш, давлат корхоналарини бошқаришни модернизация қилиш, рақобатни ривожлантириш ва инклюзив ҳамда барқарор иқтисодий муҳит яратишга қаратилган.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукуматининг давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш ва мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини жадаллаштиришга қаратилган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион долларлик кредитни маъқуллади.
Мазкур маблағ «Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастури»нинг иккинчи босқичи доирасида ажратилади. Дастур фискал шаффофликни кучайтириш, давлат корхоналарини бошқаришни модернизация қилиш, рақобатни ривожлантириш ва инклюзив ҳамда барқарор иқтисодий муҳит яратишга қаратилган.
«Бу дастур Ўзбекистоннинг институционал ислоҳотлар ва глобал интеграция йўлидаги қатъий садоқатини ифодалайди», деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая. «Стратегик ҳамкор сифатида биз мамлакатнинг иқтисодий модернизация йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз».
Асосий йўналишлар:
Давлат–хусусий шериклик
Дастур давлат инвестицияларини самарали бошқариш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган. Шу мақсадда ДХШ лойиҳаларини танлаш, баҳолаш ва амалга ошириш бўйича ягона тартиб-қоидалар ишлаб чиқилади. Бу ёндашув инфратузилма соҳасида очиқликни таъминлаб, инвесторлар учун барқарор ва прогнозли муҳит яратади.
Рақобат ва инвестициялар
Бозор механизмларини кучайтириш ва соғлом рақобатни рағбатлантириш учун янги қонунлар қабул қилинади. Улар корхоналарнинг тенг шароитда фаолият юритишини таъминлайди, сармоя киритиш жараёнларини соддалаштиради ва бизнес муҳитини янада жозибадор қилади.
Давлат корхоналари
Давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни модернизация қилиш режалаштирилган. Бу доирада кузатув кенгашларининг мустақиллигини ошириш, гендер тенглиги бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичларни жорий этиш ҳамда халқаро молиявий ҳисобот стандартларини (ИФРС) татбиқ этиш назарда тутилган. Мазкур чоралар давлат корхоналарининг самарадорлиги ва ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилади.
Солиқ ва аудит
Солиққа тортиш тизими такомиллаштирилиб, солиққа тортиш базаси кенгайтирилади. Шу билан бирга, халқаро солиқ ҳамкорлиги кучайтирилади, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун қабул қилинади ва аудит тизими замонавий талаблар асосида қайта ташкил этилади. Бу ислоҳотлар фискал шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашни кучайтиришга қаратилган.
Ижтимоий ҳимоя
Дастур иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий оқибатларини юмшатиш чора-тадбирларини ҳам ўз ичига олади. Ижтимоий ҳимоя тизими мустаҳкамланади, заиф қатламларни қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгайтирилади. Бу эса ўзгаришлар жараёнида аҳоли фаровонлигини сақлаш ва узоқ муддатли ижтимоий барқарорликни таъминлашга ёрдам беради.
Жорий йилда ОТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликка 30 йил тўлди. 1995 йилдан буён банк мамлакатга жами 14,6 миллиард долларлик кредит, грант ва техник ёрдам ажратган.
Осиё тараққиёт банки — минтақада инклюзив ва барқарор ўсишни қўллаб-қувватловчи етакчи халқаро молия институти бўлиб, 1966 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда банкнинг 69 аъзоси мавжуд, шундан 50 таси Осиё ва Тинч океани минтақасига киради.





