2025 йил январь ноябрь ойларида сўм алмашув курси 7,5 фоизга мустаҳкамланди. Марказий банк таҳлилига кўра, бунга қатор омиллар таъсир кўрсатди.
Сўм қадри сезиларли ортишида аввало, мигрантлар юборган пул ўтказмалари кескин ўсгани муҳим роль ўйнаган. Яъни январь—ноябрь ойларида Ўзбекистонга муҳожирлардан 17,3 млрд доллар келиб тушган (2024 йил мос давридагидан 25 фоиз кўп). Бу ички валюта бозоридаги таклифни рағбатлантириб, миллий валюта қадри мустаҳкамланиши жиддий таъсир этган.
Ўз навбатида экспорт тушумлари сезиларли ўсиши, хорижий кредитлар жалб қилиниши, импорт тўловлари ҳажмлари барқарорлашуви ҳам сўм қадри ортишига ижобий туртки берган. Яна инвестиция ҳажмлари, жумладан тўғридан тўғри хорижий инвестициялар кўпайгани миллий валюта мустаҳкамланишида зарур омиллардан экани қайд этилган.
Ўтган 11 ой давомида Ўзбекистонда чет эл валютасига талаб ўтган йил мос даврига нисбатан 24 фоизга, таклиф эса 26 фоизга ўсди. Бунда юридик шахсларнинг валютага бўлган талаби 24 фоизга, таклифи 35 фоизга ошди.
«Мазкур тенденция, талаб билан бир қаторда, таклифнинг ўсиш суръати ҳам юқори бўлганини кўрсатиб, айнан шу омил сўмнинг барқарорлиги ва мустаҳкамланишига сабаб бўлди», дейилади регулятор таҳлилида.
Январь—ноябрь ойларида олтинсиз экспорт тушумлари 16 млрд долларга етиб, шундан 8,9 млрд долларлик қисми ички валюта бозорида сотилган. 2024 йил мос давридагидан юқори даражада ўсишни қайд этган мазкур омиллар ички бозорда қўшимча валюта манбаи бўлиб хизмат қилган.
11 ой ичида аҳоли банкларга 19,4 млрд доллар сотган (ўтган йил мос давридагидан 4,8 млрд доллар кўп), 10,6 млрд доллар сотиб олган (2024 йил 11 ойидагига нисбатан 25 фоизга кўп).
Маълумот учун, 2025 йил сентябрнинг ўзида сўмнинг долларга нисбатан курси 3,4 фоизга мустаҳкамланганди. Марказий банк мамлакатда миллий валюта курси ички валюта бозоридаги жорий талаб ва таклиф асосида шаклланишини билдирган. Регулятор алмашув курси бўйича мақсадли кўрсаткич белгиламаслиги, курс шаклланишига аралашмаслигини қайд этган.


