Ўзбекистонда таксиларда йўл ҳақи сезиларли даражада ошди
2025 йил ноябрь ойида таксида юриш учун тўлов октябрь ойига нисбатан, яъни бир ойда ўртача ярим фоизга қимматлашди.
Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистонда такси йўл ҳақи нархларининг қандай ўзгарганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил ноябрь ойида таксида юриш учун тўлов октябрь ойига нисбатан, яъни бир ойда ўртача ярим фоизга қимматлашган.
Нархлар йил бошидан буён 7 фоиз, ўтган йилнинг мос даврига қараганда 12,2 фоизга ошган.
Жорий йилнинг илк 3 ойида автомобиль транспортида кўрсатилган бозор хизматлари орасида таксилар улуши 43,6 фоиз, яъни 11,9 триллион сўмни ташкил этганди. Бунда ҳудудлар бўйича Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри юқори улушга эга бўлган.
2025 йил август ойи маълумотларига кўра, республикада йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчилар сони 457 764 нафарга етган бўлса, шундан ўзини ўзи банд қилганлар 457 313 киши бўлган. Улар орасида 3 480 нафар аёл ҳам бор.
Октябрь ойи маълумотларига кўра, хизматлар соҳасида шаҳар автобусида йўл ҳақи ҳам 22,3 фоизга кўтарилган.
Ўзбекистонлик тажрибали ҳайдовчилар Бирлашган Араб Амирликларидаги компания томонидан таксичиликка жалб этилиши мумкинлиги хабар қилинганди.
