Ўзбекистон ЖСТга аъзолик жараёнида Россия билан музокараларни якунлади
Ўзбекистон ва Россия Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида бозорларга кириш бўйича музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколни имзолади.
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида Россия билан икки томонлама музокараларни якунловчи протоколни имзолади. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили, бош музокарачи Азизбек Урунов хабар қилди.
21 декабрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Санкт Петербургга амалий ташрифи доирасида Азизбек Урунов Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнидаги икки томонлама бозорга кириш бўйича музокараларни якунловчи протоколни имзолаган.
«Музокаралар узлуксиз, мазмунли ва конструктив тарзда олиб борилди ҳамда бугунги ижобий натижа билан якунланди. Тугалланмаган айрим масалалар сақланиб қолаётганига қарамай, биз энди кўп томонлама музокараларда олдинга силжиш, зарур қонунчилик ўзгаришларни амалга ошириш ва келгуси йилда аъзо бўлиш жараёнини муваффақиятли якунлашга бор эътиборимизни қаратамиз», — деб ёзади президент вакили.
Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда ўтказиладиган 14-вазирлар конференциясига қадар ЖСТга аъзо бўлишни мақсад қилмоқда.
Шу кунларда Урунов Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг кечикиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирганди.
«Биз қўшилиш жараёни кейинги вазирлар конференциясигача муваффақиятли якунланмаслиги учун объектив сабаблар кўрмаяпмиз. Ўз зиммасига олган мажбуриятларга тўлиқ тайёр ва содиқ Ўзбекистоннинг ЖСТ оиласига конструктив ва масъулиятли аъзо сифатида қабул қилиниши учун барча асослар мавжуд деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлаганди президент вакили.
Бугунги кунга қадар протоколлар 33 мамлакатдан 31 таси билан имзоланган. Музокараларни фақат Хитой Тайпейи билан якунлаш қолди.
