Бюджет харажатлари устидан назорат кучайтирилади
Ҳисоб палатаси фаолиятининг сифати ва самарадорлигини халқаро стандартларга мувофиқ ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар 5 йилда камида бир марта унинг фаолиятини ташқи баҳолаш жорий этилади.
Давлат аудити ва молиявий назорат фаолияти янада такомиллаштирилади президент фармони билан давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжат билан қуйидаги асосий вазифалар белгиланди:
- миллий давлат аудити тизимини халқаро стандартлар асосида мамлакат манфаатларига уйғунлаштириш;
- рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва тизимли муаммоларни бартараф этиш;
- давлат аудити йўналишида етук ва малакали кадрлар тайёрлаш.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш
Ҳисоб палатаси фаолиятининг сифати ва самарадорлигини халқаро стандартларга мувофиқ ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар 5 йилда камида бир марта унинг фаолиятини ташқи баҳолаш жорий этилади.
Ҳисоб палатаси фаолиятини ташқи баҳолаш:
- Аудитнинг олий органлари халқаро ташкилоти (INTOSAI) ва халқаро миқёсда тан олинган бошқа ташкилотлар методологиялари асосида;
- халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлатларнинг юқори аудит органлари билан келишувлар доирасида;
- мустақил баҳолаш жараёнларини ташкил этиш, фаолият тўғрисидаги барча маълумотларни (давлат сирлари билан боғлиқ бўлганларидан ташқари) тақдим этиш, натижаларни жамоатчиликка эълон қилиш шартлари асосида.
Ташқи баҳолаш натижалари бўйича Ҳисоб палатаси фаолиятини ўрта муддатли даврга ривожлантириш стратегияси қабул қилинади.
Ҳисоб палатасига қуйидагиларни ўтказишга рухсат этилади:
- халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан уларнинг мурожаатлари (ташаббуслари) ва техник топшириқлари асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг молиявий аудитини ўтказиш;
- танловларда иштирок этиш ёки ўзаро келишувлар орқали халқаро ташкилотлар фаолияти, лойиҳалари ва дастурлари аудитини ўтказиш.
Шунингдек, хорижий давлатларнинг юқори аудит органлари ёки халқаро аудиторлик ташкилотлари билан биргаликда:
- ўз ваколатлари доирасидаги масалалар бўйича натижаларни алмашиш шарти билан алоҳида бажариладиган параллел аудит;
- ўз ваколатлари доирасида ягона дастур асосида амалга ошириладиган ва ягона якуний ҳужжат қабул қилинадиган қўшма аудит.
Фаолиятни рақамлаштириш
2027 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини шакллантиришдан бошлаб ишга туширишгача бўлган барча жараёнлар рақамлаштирилади. Бунда:
- ривожланиш дастурларини шакллантириш Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Капитал қўйилмалар» АТда амалга оширилади;
- Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини «Шаффоф қурилиш» платформасида ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш;
- «Капитал қўйилмалар» АТда буюртмачилар ва пудратчилар ўртасида бажарилган ишлар бўйича ҳисобварақ-фактураларни келишиш.
2026 йил 1 июлдан бошлаб космик суратлар ва дронлар ёрдамида қурилиш ва молиялаштириш ҳажмларини таққослаш орқали автомобиль йўллари қурилиши мониторингини ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июндан бошлаб давлат ташқи қарзи маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини шакллантиришдан якуний натижага эришишгача бўлган барча босқичларни юритиш «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» АТда амалга оширилади.
Давлат аудити ва молиявий назорат фаолиятини такомиллаштириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Давлат аудити ва молиявий назорат самарадорлигини ошириш
2026 йил 1 апрелдан 2030 йил 1 январгача бўлган даврда эксперимент тариқасида давлат органлари ва ташкилотларида (рўйхат бўйича) Ҳисоб палатасининг вакили – бош инспектор лавозимида фаолият юритади.
Унинг фаолиятини баҳолаш Ҳисоб палатаси томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида амалга оширилади ва ҳар чорак якуни бўйича у ўз фаолияти тўғрисида Ҳисоб палатаси раисига ҳисобот беради.
Бош инспекторлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий кўмаклашиш учун Ҳисоб палатаси тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотларининг бюджет харажатлари самарадорлигини назорат қилиш шўъбаси ташкил этилади.
Ҳисоб палатасига молиявий аудит, мувофиқлик ва самарадорлик аудитлари доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурлари, қонунчилик ва бошқарув жараёнларининг самарадорлиги, қонунийлиги ва мақсадга мувофиқлигини баҳолашга рухсат берилди.
Кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий этиш
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таълим йўналиши шаклида Олий давлат аудити мактаби ташкил этилади, унинг ҳуқуқий мақоми олий таълим ташкилотининг факультетига тенглаштирилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг аудит хизматига ишга қабул қилинган янги ходимларни аниқ режа-график асосида икки ҳафталик стажировкадан ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- давлат органлари ва ташкилотларининг аудит хизмати раҳбарлари – Ҳисоб палатасида;
- давлат органлари ва ташкилотларининг аудит хизмати ходимлари – Иқтисодиёт ва молия вазирлигида.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2025 йил 19 декабрдан кучга кирди.
