Ўзбекистонда III чоракда квартиралар нархи долларда 5,5 фоизга ошди — Марказий банк
2025 йил январь–сентябрь ойларида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 229,8 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 фоизга ошди.
Марказий банк томонидан 2025 йил III чораги учун Кўчмас мулк бозори таҳлили эълон қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, бозордаги юқори фаоллик 2025 йил январь–центабр ойларида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 229,8 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 фоизга ошган. III чоракнинг ўзида 81,4 мингта шартнома расмийлаштирилган.
Ҳудудлар кесимидаги ўсиш динамикаси:
Шартномалар сонининг ўртача кўрсаткичдан юқори ўсиши республиканинг аксарият ҳудудларида кузатилди. Фарғона водийси вилоятлари етакчилар қаторида бўлиб, шартномалар сони 7–8 фоизга ўсди, энг паст ўсиш эса Тошкент шаҳрида (1,7 фоиз) қайд этилди.
Ипотека ҳисобига қўллаб-қувватланаётган ўсиш:
2025 йил III чорагида ипотека кредитлари ҳажми 5,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,9 фоизга ошди. Тижорат банкларининг ипотека портфели қолдиғи қарийб 17 фоизга ўсди. Аҳоли реал даромадларининг ўсиши ҳам давом этиб, 8,4 фоизни ташкил этди ва уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлади.
Қурилиш ва таклифнинг юқори фаоллиги:
2025 йил январь–центабр ойларида қурилиш ишлари реал ҳажмининг ўсиши 14,2 фоизни ташкил этди. Фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг умумий майдони 11,1 млн квадрат метрга етиб, ўтган йилга нисбатан 2,4 фоизга ошди. Ўсиш, асосан, якка тартибдаги уй-жойлар ҳисобига таъминланмоқда.
Уй-жой – муҳим инвестиция воситаси:
III чорак якунларига кўра, турар-жой қурилишининг жами асосий капиталга киритилган инвестициялардаги улуши 6 фоизни ташкил этди (йил бошидан буён йиғилган улуш – 7,2 фоиз). Аҳолининг истеъмол кайфияти бўйича ўтказилган сўровда респондентларнинг қарийб 6 фоиз кузатув даврида турар-жой сотиб олганини билдирган. Шу билан бирга, келгусида уй-жой сотиб олиш ниятида бўлганлар улуши бироз пасайган.
Нархлар динамикаси:
Миллий валютада уй-жой нархлари ўсиши мўътадил суръатда, АҚШ доллари ҳисобида эса нисбатан сезиларли бўлди. 2025 йил центабр ҳолатига кўра, кўп қаватли бирламчи уй-жой нархлари сўмда 2,4 фоизга, долларда эса 5,5 фоизга; иккиламчи кўп қаватли уй-жой бозорида эса сўмда 1,8 фоизга, долларда 5,0 фоизга ошди.
Ижара бозори:
III чоракда, айниқса август–сентябрь ойларида мавсумий талабнинг кучайиши фонида ижара бозори фаоллашди. 2025 йил центабр ойига келиб, ижара нархларининг долларда йиллик ўсиши Тошкент шаҳрида 5,4 фоизни, республика бўйича умумий ижара индекси эса 8,4 фоизни ташкил этди. Бу ижара бозорида талабнинг кучайгани ва бозорнинг босқичма-босқич мувозанатлашаётганидан далолат беради.
