Тадбиркорларга божхона божини 120 кунгача кечиктириб тўлаш имконияти яратилади
Келгуси йил 1 майдан товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади.
Президентнинг божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш бўйича фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 мартдан товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунигача дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғим миқдори 20%га пасайтирилади.
Шунингдек, божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобланмайди.
Келгуси йил 1 майдан товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади.
Божхона органларининг ахборот тизимида хавф аниқланмаган тақдирда, божхона юк декларациялари автоматик равишда расмийлаштирилади.
Бундай тартиб йирик солиқ тўловчи ташкилотлар, давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50%дан юқори бўлган ташкилотлар томонидан импорт қилинаётган ташқи савдо юкларига нисбатан қўлланади.
Шу билан бирга, тариф ва нотариф чекловлар татбиқ этилмайдиган экспорт юклари ҳам автоматик расмийлаштирувдан ўтказилади.
Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражаларини эгаллаган ваколатли иқтисодий операторларга қўшимча имкониятлар тақдим этилади.
Жумладан, божхона тўловлари ва солиқлар қайтарилади, ўзаро ҳисобга олишда соддалаштирилган тартиботлар жорий этилади.
Товарларни қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби қайта ишлаш операцияларида қайта ишлаш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
Фармонга кўра, Чегара қўшинлари томонидан шахсларни паспорт назоратидан ўтказишда қуйидаги асосларга кўра божхона органларини хабардор этиш йўлга қўйилади:
- божхона органлари ахборот тизимида шахснинг божхона назоратидаги автотранспорт мавжудлиги тўғрисида маълумот бўлса;
- шахс божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги ёки бузиш хавфи мавжуд бўлса.
2026 йил 1 июндан тадбиркорларга божхона божини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг бош таъминоти туридан фойдаланишда хавфларни бошқариш тизимининг натижаларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этилади.
2026 йил 1 июлдан божхона аудити доирасида «маслаҳатчи аудитор» тамойили жорий этилади. Унга кўра, аудит режалаштирилган тадбиркорга аниқланган камчиликлар олдиндан маълум қилиниб, уларни мустақил равишда бартараф этиш имконияти яратилади.
Божхона органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган божхона назорати натижалари тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини аниқлашда инобатга олинади.
