Тошкентда ўртача ижара нархи қимматлашди
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 11 доллар.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ноябрь ойи учун Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришлар таҳлилини тақдим этди. Мамлакатда уй-жой олди-сотди шартномалари умумий сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,2 фоизга ошиб, 25 мингта битимни ташкил этди.
Ҳудудий динамика
Йиллик ҳисобда энг юқори ўсиш Бухоро (35,4 фоиз), Қашқадарё (26,5 фоиз) ва Самарқанд (21,7 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Мамлакат бўйича уй-жой билан боғлиқ барча битимларнинг тахминан 30 фоизи пойтахт бозори ҳиссасига тўғри келади. Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой савдоси ҳажми йиллик ҳисобда 8,8 фоизга ошди.
Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозори
Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида йиллик ҳисобда нархларнинг ўртача 7 фоиз атрофида мўътадил ўсиши кузатилди.
Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сурхондарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда нархлар ўртача ҳисобда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тахминан 17 фоизга ошди.
Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозоридаги ҳолат
Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи 0,9 фоизга пасайган, бирламчи бозорда эса, аксинча, нархлар 4 фоизга ўсган.
Иккиламчи уй-жой нархларининг пасайиши энг кўп Мирзо-Улуғбек ва Яшнобод туманларида кузатилиб, ушбу ҳудудларда ўртача пасайиш тахминан 5 фоизни ташкил этди.
Пойтахтдаги бирламчи уй-жой бозорида эса нархларнинг энг юқори ўсиши Яккасарой, Мирабод ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилди. Ушбу туманларда нархлар ўртача ҳисобда тахминан 9 фоизга ошди.
Пойтахтда ижара бозори
Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8,7 долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга юқори.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 11 доллар.
Шунингдек, ижара нархларининг ўсиши Мирзо-Улуғбек, Мирабод ва Бектемир туманларида ҳам кузатилиб, мазкур ҳудудларда йиллик ҳисобда ўртача 8 фоиз атрофида ошиш қайд этилди.
