“Ўзбекистон Республикасининг “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2026 йилда 2-даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорлари;
- 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари;
- 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари прогнози;
- 2026 йилда фойда ва қўшилган қиймат солиқлари тўлиқлигича Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига йўналтириладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати.
Қуйидаги солиқ турлари бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетида қуйидаги миқдорларда қолдирилади:
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлиқ ҳажмда;
- фойда солиғи тўлиқ ҳажмда;
- ҚҚС бўйича Қорақалпоғистон Республикасида даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисмининг 100 фоизи, қолган ҳудудларда эса 60 фоизи.


