Ўзбекистонда “Ҳалол” сертификатлаш тизими жорий этилди
Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаш тизими амалиётга жорий этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 февралдаги қарори билан маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаш тартиби тасдиқланди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги “UzTest” давлат муассасасида “UzHalalTest” ҳалол маҳсулот ва хизматларни сертификатлаш органи ташкил этилди.
Мазкур орган 2025 йил 13 октябрь куни Туркиянинг NAK — Ҳалол аккредитация агентлигидан аккредитациядан ўтган.
Шу муносабат билан “UzTest” давлат муассасасида “Peng Sheng Charm” ҚК МЧЖ ҳамда “BIO-SUT” МЧЖ вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ҳалол маҳсулот ва хизматларни сертификатлаш тизимини амалиётга жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларининг ҳалол талабларига мувофиқлиги, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳамда халқаро стандартларга мос фаолият юритиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот жараёнида ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулот хомашёси, технологик жараёнлар, ички назорат тизими ва шаффофликка оид масалалар юзасидан маълумотлар берилди. Шунингдек, ҳалол сертификатининг маҳаллий ва ташқи бозорлардаги аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистонда илк бор “Peng Sheng Charm” ҚК МЧЖ ва “BIO-SUT” МЧЖга “Ҳалол” сертификатлари топширилди. Сертификатлар “UzTest” давлат муассасаси ҳузурида фаолият юритаётган “UzHalalTest” ҳалол маҳсулот ва хизматларни сертификатлаш органи томонидан расмийлаштирилди.

Мазкур ҳолат мамлакатда ҳалол сертификатлаш тизими ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан шаклланганини, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар учун аниқ ва шаффоф механизм яратилганини кўрсатади.
