Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахслар учун мол-мулк солиқлари қандай ўзгарди?
Ўзбекистон президенти солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни тасдиқлади. Улар жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи ставкаларини оширилишини ва юридик шахслар учун солиқни ҳисоблаш базаси янгиланишини назарда тутди.
Ўзбекистонда мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ва ставкалари ўзгарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси хабар қилди.
Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар 2025 йил 25 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланди. Ўзгаришлар 2026 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ҳамда жисмоний шахслар мол-мулк солиғининг янги ставкаларини жорий этувчи қонунда мустаҳкамланган.
| Солиқ солиш объектлари | Ставка | |
| 2025 йил | 2026 йил | |
| Уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари (умумий майдони 200 кв.м гача бўлганларини қўшиб ҳисоблаганда), кўп квартирали уйларга узвий боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари, шунингдек бошқа иморатлар, бинолар ва иншоотлар | 0,34% | 0,36% |
| Умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ ва 500 кв.м гача бўлган шаҳарларда жойлашган уй-жойлар ва квартиралар | 0,45% | 0,48% |
| Умумий майдони 500 кв.м дан ортиқ бўлган шаҳарларда жойлашган уй-жойлар ва квартиралар | 0,60% | 0,64% |
| Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ бўлган уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари | 0,45% | 0,48% |
Юридик шахслар учун асосий солиқ ставкаси 1,5% миқдорида сақланиб қолди. Шу ставка бўйича юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларга ижарага берилган, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилаётган кўчмас мулк ҳам солиққа тортилади.
Шу билан бирга, юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда 1 кв метр учун минимал қиймат оширилади:
- Тошкент шаҳрида — 3,53 млн сўмгача,
- Нукус шаҳри ва вилоят марказларида — 2,35 млн сўмгача,
- бошқа аҳоли пунктларида — 1,39 млн сўмгача.
Халқ депутатлари кенгашлари ушбу қийматларга нисбатан пасайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолади. 208 та туман ва шаҳар бўйича тасдиқланган ставкалар жадвали Ҳукумат порталида эълон қилинган.
Умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистрал қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари учун солиқ ставкаси 0,65% дан 0,7% гача оширилади. Шу ставка Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан тугалланмаган ва консервация қилинган объектларга ҳам қўлланилади.
Бундан ташқари, юридик шахслар мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботларни проактив (автоматик) тарзда шакллантириш тартиби жорий этилади. Солиқ органлари мавжуд маълумотлар ва солиқ тўловчи томонидан шахсий кабинет орқали киритилган ахборотлар асосида ҳисоботларни тузади. Солиқ тўловчига тузатиш киритиш учун беш кун муддат берилади, шундан сўнг ҳисобот қабул қилинган ҳисобланади.
Шунингдек, юридик шахслар учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлар бериш шартлари кучайтирилмоқда. Имтиёзларни сақлаб қолиш учун компания сотилган товарлар ва хизматлардан олинган даромадни берилган имтиёзлар суммасидан юқори даражада таъминлаши, шунингдек, йил давомида ўртача камида уч нафар ходимга эга бўлиши ва уларнинг иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан (2,542 млн сўм) кам бўлмаслиги керак.
Қонун Сенатда муҳокама қилинган вақтда Солиқ қўмитаси вакили 1 январдан бошлаб солиқ органлари солиқ тўловчилар ўрнига олти турдаги солиқ бўйича ҳисоботларни автоматлаштирилган тарзда тайёрлашини маълум қилди. Булар — мол-мулк солиғи, ер солиғи, жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ.
«Бу солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларини бажаришда қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олишга имкон беради. Иккинчидан, хатолар ва ноаниқликлар сони камаяди. Учинчидан, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаганлик учун жарималар қўлланилишининг олди олинади», — дейилди идорада. Шунингдек, фойда солиғи бўйича ҳисоботларни ҳам автоматлаштириш режалари борлиги маълум қилинди.
