Жанубий Корея компанияси Ўзбекистонга тез ёрдам машиналари учун 7 млн доллар ажратади
Ўзбекистон Жанубий Корея компаниясининг 7 млн доллар гранти асосида 100 та тез ёрдам машинасини харид қилади. Транспорт воситалари 2026 йилнинг биринчи ярмида харид қилинади.
Ўзбекистон Жанубий Корея компаниясининг 7 млн доллар гранти асосида 100 та тез ёрдам машинасини харид қилади, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Бу ҳақдаги келишувга Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарҳод Тошпўлатовнинг Жанубий Кореяга сафари доирасида эришилган.
Қайд этилишича, сафар чоғида DK Consultants компанияси билан учрашув ўтказилган. Мулоқотда соғлиқни сақлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув якунларига кўра, Ўзбекистонда «103» хизматини янада такомиллаштириш мақсадида компания томонидан ажратиладиган грант маблағи ҳисобидан 100 та тез тиббий ёрдам автомашинасини етказиб бериш бўйича қиймати 7 миллион АҚШ долларига тенг меморандум имзоланган. Келишувга кўра, транспорт воситаларини 2026 йилнинг биринчи ярмида харид қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, мулоқотда Тошкент шаҳри 7-сон клиник шифохонасини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга олиш ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндикринология илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий даволаш биносини барпо этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.
«Учрашувда мезбон томон Ўзбекистон тиббиёти трансформацияси жараёнида фаол қатнашаётганидан мамнунлигини ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини билдирди», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2016 йилган буён «103» хизмати шохобчалари сони 818 тадан 1680 тага, Тез ёрдам бригадалари 1648 тадан 2865 тага, битта чақирувга дори-дармон учун ажратилган маблағ эса 750 сўмдан 11 800 сўмга ошган.
