Айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
Хусусан, 2028 йил 1 январгача пахта тайёрлаш пунктлари фаолиятининг мавсумийлигини инобатга олган ҳолда пахта тайёрлаш пунктларига мол-мулк ва ер солиқларини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилади.
“Маҳаллий енгил саноат корхоналарининг халқаро етказиб бериш занжирларида иштирокини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорларда ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, тўқимачилик корхоналарини иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратиш ва улар фаолиятига манзилли кўмаклашиш бўйича корхоналарни қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилади.
Бунда қуйидагиларга рухсат берилади:
- корхоналарга тижорат банклари томонидан 2 млн АҚШ долларигача улар томонидан харид қилинган ва тўловлари тўлиқ амалга оширилган ёки ўзи етиштирган хомашёни гаровга олган ҳолда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ресурслари ҳисобидан кредитлар ажратишга;
- соғломлаштириш имконияти мавжуд деб топилган корхоналарнинг аввал олган тижорат кредитлари муддатини 7 йилгача узайтириб беришга;
- пахта хомашёси хариди учун жалб қилинган кредитлар бўйича 2026–2027 йилларда тўлов графикларида январь-февраль ойлари учун белгиланган тўловларни кредит шартномасига асосан охирги 6 ойга тенг тақсимланган ҳолда тўлашга.
Фармонга кўра, енгил саноат корхоналарида 2026 йил 1 январдан қуввати 5 МВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг корхона эҳтиёжидан ортиқча қисмини сотиш тизими жорий қилинади.
2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача пахта тайёрлаш пунктлари фаолиятининг мавсумийлигини инобатга олган ҳолда пахта тайёрлаш пунктларига мол-мулк ва ер солиқларини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилади.
2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар:
- тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулклари инвесторларга реализация қилишда ҚҚСдан озод қилинади;
- тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулкларини харид қилган инвесторларга ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини 6 ойда тўлиқ тиклаш шарти билан 1 йил муддатга мол-мулк солиғини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилади;
- чарм-пойабзал, мўйначилик корхоналари ва чорва молларини сўйиш ва терини қайта ишловчи ташкилотлар учун назарда тутилган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи, айланмадан олинадиган солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар муддати узайтирилади.
