«Янги банк»нинг лицензияси бекор қилинди
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади.
Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг қарорига мувофиқ, «Янги банк» акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди.
Қайд этилишича, мазкур қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали миқдорини қонунчиликда белгиланган энг кам талаблар даражасига етказилмагани, шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган айрим талаблар бажарилмаганлиги сабабли қабул қилинган.
«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ҳамда «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ, банк фаолиятини ўрнатилган тартибда тугатиш белгиланди ҳамда тугатиш комиссияси тайинланиб унга тугатиш ишларини бошқариш ваколатлари ўтказилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 526 нафар омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади (омонатлар тўлаб берилиши бўйича аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади), 373 нафар фуқаро бўйича эса кафолатланган омонат маблағларидан қолган қисми тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади. Ушбу масала Марказий банкнинг доимий эътиборида бўлиб, жараён босқичма-босқич кузатиб борилади ва жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб борилади.
