Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси биринчи марта 80 млрд доллардан ошди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг 210 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон тарихида биринчи бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт миқдори 33,5 миллиард долларга етди. Бу ҳақда 15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ТИВ ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди. 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайди. Элчилар хорижий инвесторлар ва йирик компаниялар билан бирга ишласа, бу кўрсаткичларни янада ошириш учун имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.
Шу нуқтаи назардан элчиларга Яқин Шарқ, Европа, Осиё ва Африка давлатлари йўналишларида экспортни кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, иссиқхона ва хизматлар соҳаларида аниқ лойиҳалар билан ишлаш вазифалари қўйилди.Элчилар лойиҳа топиш, уни олиб келиб, ишга туширишдан манфаатдор бўлиши кераклиги қайд этилди. Аниқ инвестиция ёки экспорт лойиҳасини якунига етказган элчиларни моддий рағбатлантириш амалиёти жорий этилиши белгиланди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг 210 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон билан ташқи савдонинг аксарият улуши Хитой ва Россия ҳиссасига тўғри келган. Қозоғистон, Туркия ва Корея улуши ҳам қолган давлатларга қараганда юқори бўлган.
