Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бўйича минтақадаги ривожланаётган иқтисодиётлар орасида топ-3 ликка киради — Жаҳон банки
Жаҳон бозорларидаги юқори олтин нархлари ҳисобига иқтисодий фаоллик кучаяди, Россиядаги иқтисодий вазият пул ўтказмаларининг қисқаришига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон 2026 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлар топ-3 талигига киради. Бу ҳақда Жаҳон банкининг «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботи январь ойи нашрида айтилади.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,0 фоизга ўсиб, Қирғизистон (6,5 фоиз) ва Тожикистон (6,2 фоиз) билан бир қаторда Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасидаги 22 та ривожланаётган иқтисодиёт орасида етакчи учталикдан жой олади.
ЕМО минтақасида 2026 йилда иқтисодий ўсиш суръатлари 2,4 фоиз даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда.
«Барқарор ички талаб инфляциянинг пасайиши, молиявий шароитларнинг яхшиланиши, ЕИ маблағларини ўзлаштиришнинг фаоллашуви ҳамда мудофаа харажатларининг ошиши ҳисобига таъминланади», — дея қайд этади банк.
Марказий Осиё бўйича прогнозлар
Марказий Осиё ЕМО минтақаси бўйича энг юқори ўсиш суръатларини намоён қилаётган субминтақа бўлиб қолмоқда. 2025 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг биргаликдаги ЯИМи 6,2 фоизга ўсди. Шунга қарамай, 2026 йилда ўсиш суръатларининг 5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.
МО мамлакатларида, банк прогнозига кўра, юқори инфляция фонида хусусий истеъмол сусаяди. Айни пайтда Россия иқтисодиётининг секинлашуви МО мамлакатларидан экспортнинг қисқаришига, Россияда миграция сиёсатининг қатъийлашиши эса субминтақага пул ўтказмалари ҳажмининг қисқаришига олиб келиши мумкин.
2026 йилда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда, ЯИМ ўсиш суръати секинлашишига қарамай, жаҳон бозорларидаги юқори олтин нархлари ҳисобига иқтисодий фаоллик кучаяди ва улар ЯИМ ўсиши бўйича ЕМОдаги 22 та мамлакат орасида энг тез ўсаётган ривожланаётган иқтисодиётлар сафида қолади.
Қозоғистонда иқтисодий ўсиш нефть қазиб олишнинг барқарорлашуви ва ушбу хомашё турига жаҳон нархларининг пасайиши фонида 4,5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Бу тенденция экспорт даромадлари ва бюджет тушумларининг қисқаришига олиб келади.
Хатарлар ва имкониятлар
ЕМО минтақаси учун прогнозларда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши билан боғлиқ хатарлар долзарблигича қолмоқда. Хусусан, Украинадаги урушнинг чўзилиши ёки кескинлашуви, банкнинг таъкидлашича, «юқори геосиёсий ноаниқликнинг сақланиб қолишига ва минтақада иқтисодий фаолликнинг янада сусайишига» олиб келиши мумкин. Айни пайтда Украинадаги фаол ҳарбий ҳаракатларнинг кутилганидан эртароқ якунланиши мамлакатни қайта тиклашга йўналтирилган инвестицияларни жадаллаштириши ҳамда минтақада инвесторлар ишончини ошириши мумкин.
«Иссиқ тўлқинлар ва қурғоқчиликни ўз ичига олган тез-тез такрорланадиган ва кучли экстремал об-ҳаво ҳодисалари ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш учун қўшимча хатарлар туғдирмоқда. Улар, айниқса, Марказий Осиё мамлакатларида, қишлоқ хўжалиги унумдорлиги, сув ресурслари ва инфратузилмага таҳдид солишда давом этмоқда», — дея таъкидлайди Жаҳон банки.
Янги халқаро келишувлар билан мустаҳкамланган минтақавий интеграциянинг чуқурлашуви савдо ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаши мумкин. ЕИ ва МО ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация (Самарқанд, 2025 йилнинг апрели), ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (Брюссель, 2025 йилнинг октябри), АҚШ ва МО мамлакатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ниятлар тўғрисидаги қўшма баёнот (Вашингтон, 2025 йилнинг ноябри) шулар жумласидан.
