1 февралдан ID-карталар электрон рақамли имзо билан берилади
Жисмоний шахсларга ID-карта биринчи бор расмийлаштирилганда унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификати бепул берилади ҳамда фуқаро Электрон ҳукумат тизимида автоматик рўйхатдан ўтказилади.
19 январь куни ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан, 2026 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга идентификацияловчи ID-карталар биринчи маротаба расмийлаштирилганда унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификати бепул берилади.
Шу билан бирга, фуқарони «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчилари идентификациялаш ягона ахборот тизимида автоматик тарзда бепул рўйхатдан ўтказилади.
Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Ушбу маълумотларга қуйидагилар киради:
- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили тўғрисидаги маълумотлар;
- ID-карта серияси, рақами, берилган жойи ҳамда берилган ва тугаш санаси тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистон фуқаролари, мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаганлар тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистонга таклиф қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаганлар ҳамда уларнинг виза муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.
2025 йилнинг 1 июлидан MyGov иловасида айрим ҳужжатларнинг электрон шакллари жорий этилди. Уларни банклар, нотариал идоралар, ички авиа ҳамда темир йўл қатновларида, шунингдек, давлат ва корпоратив хизматлардан фойдаланишда қоғоз шаклининг ўрнига тақдим этиш мумкин.
