Марказий банк ва Рақобат қўмитаси инфляцияни пасайтириш устида биргаликда ишлайди
Томонлар инфляцияга таъсир кўрсатувчи бозор механизмларини таҳлил қилиш, нархларнинг асоссиз оширилиши ва монополь ҳолатдан фойдаланиб ғирром рақобат қилишга қарши курашиш бўйича маълумот алмашишни йўлга қўяди.
Марказий банк ва Рақобат қўмитаси нархларни барқарорлаштириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳужжатда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцияни пасайтириш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланган. Шунингдек, товарлар ва хизматлар бозорларида рақобат муҳитини ривожлантириш ҳар икки ташкилот учун устувор вазифалар қаторига киритилди.
Томонлар инфляцияга таъсир кўрсатувчи бозор механизмларини таҳлил қилиш, нархларнинг асоссиз оширилиши ва монополь ҳолатдан фойдаланиб ғирром рақобат қилишга қарши курашиш бўйича маълумот алмашишни йўлга қўяди. Тармоқлар кесимида нарх шаклланишининг шаффофлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилади.
Шунингдек, Марказий банк ва Рақобат қўмитаси истеъмол бозорларида таклиф омилларини ўрганиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиради.
Ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцияни пасайтириш бўйича институционал шерикликни мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш бўлади. Нархларнинг шаклланишига таъсир этувчи монополь вазиятларни тезкор аниқлаш учун маълумот алмашишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Яна бир мақсад — бозорлардаги концентрация даражасини, монополь ва устун мавқега эга бўлган иштирокчиларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш. Бундан ташқари, қўмита ва Марказий банк молиявий хизматлар истеъмолчиларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун лойиҳалари юзасидан фикр алмашади.
Шавкат Мирзиёев декабрь ойида озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш учун мунтазам аралашув тизимини жорий этиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. Президент Ўзбекистонда озиқ-овқат захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
