Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ишдан олинди
Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғини ишдан олиш, фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Шавкат Мирзиёев раислигида уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Давлат раҳбари Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан Чорсу бозорида тўлов интизоми жойига қўйилмагани, Малика савдо комплексида эса аҳвол бундан ҳам аянчли эканини кўрсатиб ўтди.
Комплексда 1,5 мингга яқин тадбиркор фаолият юритсада, уларнинг фақат тўртдан бири рўйхатдан ўтган, 25%и ойига 1 млн сўм ҳам солиқ тўламаётгани қайд этилди. Шунингдек, декабрь ойида пластик карталар орқали ечиб олинган 600 млрд сўмлик савдо тушуми яширилган.
Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси буджет режасини яхши ишлаётган тадбиркорларга ортиқча тўлов қилдириш ҳисобидан бажармоқда. Жумладан, 46,4 минг корхонадан 876 млрд сўм ортиқча тўлов ундирилган.
Солиқ қўмитасида ҚҚСдан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни буджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайган. Ўтган йилда ҚҚСни ноқонуний қайтариш бўйича 20 нафар солиқ ходимига жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу йўналишга жавобгар бўлган, етти йилдан бери ишлаб келаётган қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги кўрсатиб ўтилди. Йиғилишда Мубин Мирзаев ишдан олинди.
Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х.Муллажонов ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Й.Насимжоновни ишдан олиш, фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Солиқ қўмитаси раисига Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекцияларининг бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйиш топширилди.
Мубин Мирзаев ким?
Мубин Мухидинович Мирзаев 1969 йил Бухоро вилоятида туғилган. 1993 йили Тошкент давлат университетини математика мутахассислиги, 2001 йили Тошкент молия институтини молия мутахассислиги, 2002 йили Япония сиёсий фанлар миллий институтини иқтисодиёт йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган.
Мирзаев меҳнат фаолиятини 1993 йилда Тошкент давлат университетида бошлаган. 1994−1996 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти тадқиқотчи-стажори, аспиранти, 1996−2008 йилларда Марказий банк иккинчи тоифали иқтисодчиси, биринчи тоифали иқтисодчиси, етакчи иқтисодчиси, бўлим бошлиғи, департамент директори ўринбосари — бошқарма бошлиғи, департамент директори лавозимларида фаолият юритган.
2008 йилдан 2017 йилгача Молия вазири ўринбосари, 2017 йилдан 2018 йилгача Иқтисодиёт вазирининг макроиқтисодий сиёсат, базавий тармоқларни ривожлантириш ва халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида самарали меҳнат қилган.
2018 йилнинг декабрь ойидан Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди. Мирзаев солиқ хизматининг И даражали маслаҳатчиси унвонига эга.
