Асосий мазмунга ўтиш
9 август · Якшанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Асосий ставкани навбатдаги кўриб чиқиш 2026 йил 18 март кунига белгиланди.

Фото: Марказий банк

2025 йил декабрь ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3 фоизгача пасайди. Инфляциянинг пасайишига қатъий пул-кредит шароитлари, алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва импорт нархлари таъсирларида базавий инфляциянинг секинлашиши ҳисса қўшди. Хусусан, декабрь ойида базавий инфляция йиллик ҳисобда 5,7 фоизгача пасайди.

Хизматлар инфляцияси маълум даражада секинлашганига қарамасдан, талаб омиллари таъсирида умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар пасайиш тенденциясидан тўхтаб, декабрь ойида бироз ўсиши қайд этилди.

Ушбу омиллар инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш учун пул-кредит шароитларини узоқроқ муддат қатъий сақлаб қолиш зарурлигини кўрсатади.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Юқори инвестицион фаоллик, фискал харажатлар ва пул ўтказмаларининг ортиб бориши иқтисодиётда даромадлар ўсиши ҳамда истеъмол талабини жорий йилда ҳам рағбатлантирувчи омил бўлади.

Бундан ташқари, айрим асосий озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хатарлар ҳамда қиш мавсумида таъминотдаги узилишлар келгуси ойларда озиқ-овқат ҳамда хизматлар нархларига оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин.

Ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликлар сақланиб қолишига қарамасдан умумий таъсирлар нисбатан мўътадил бўлиши кутилмоқда. Асосий савдо ҳамкор мамлакатларда инфляция пасайиш трендига ўтди, жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари кутилганидан юқори шаклланди.

Қимматбаҳо металлар нархларининг юқори даражада ўсиши келгусида ҳам экспорт тушумлари ва бюджет даромадлари таркибида салмоқли улушга эга бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари субъектларининг қўллаб-қувватланиши 2025 йилда сўмнинг 6,9 фоизга мустаҳкамланишига хизмат қилди. Бу, импорт инфляцияси босимини камайтиришга ва долларлашув даражасини пасайтиришга ёрдам берди ҳамда ташқи қарзга хизмат қилиш харажатларини камайтирди. Келгуси ойларда ҳам ташқи шароитларнинг нисбатан қулай ва реал самарали алмашув курси динамикасини мувозанатли даражада шаклланиши бўйича кутилмалар мавжуд.

Жорий иқтисодий ва инвестицион фаоллик фонида йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 6,5-7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Банк тизимида ликвидлик профицитининг сақланиб қолиши фонида ликвидликни жалб қилиш операцияларини жадаллаштирилиши пул бозори ставкалари асосий ставкага яқин 13,5-13,8 фоиз атрофида шаклланишини таъминлади. Натижада, ижобий реал фоиз ставкалар иқтисодиётда миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантириб, пул-кредит шароитларини қатъийлаштирувчи омил бўлиб қолмоқда.

Юқори ялпи талаб омиллари хусусан, фискал рағбатлантиришлар ҳамда юқори чакана кредитлаш суръатлари шароитида асосий ставкани жорий қатъий даражада сақлаб қолиш инфляцион хатарларни жиловлашга хизмат қилади.

Марказий банк келгусида ҳам инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар, ялпи талаб ва ташқи хатарларни диққат билан кузатиб боради.

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 18 март кунига белгиланган.