Марказий банк сўм деноминацияси ва янги купюралар чиқаришни режалаштирмаяпти
Тимур Ишметовнинг айтишича, ҳозирги асосий масала — инфляциянинг таргет даражасига эришишдир. Ундан кейин, узоқ муддатда янги купюра чиқариш ёки сўм деноминациясини кўтариш мумкин бўлади.
Ўзбекистон Марказий банки муомалага янги купюра чиқаришни ва сўм деноминациясини режалаштирмаяпти. Бу ҳақда 28 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раиси Тимур Ишметов маълум қилди.
«Янги купюралар чиқариш ёки сўм деноминацияси бўйича ҳеч қандай режа, хатто ғоя ҳам йўқ. Лекин, пул муомаласида аҳоли ва бизнесни қандай масалалар безовта қилаётганини сўровномалар асосида ўранишни бошладик. Бу шунчаки аҳоли ва бизнесда биз билмаган муаммоларни [аниқлашга қаратилган]. Шундан келиб чиқиб, кейинчалик режалаштириш [ишларини] бошлаш учун [таҳлил қилинади]», — деди Ишметов.
Унинг сўзларига кўра, сўровномаларда банк кассалари марказларининг фаолияти баҳоланади. Шу билан бирга, тадбиркорлар фаолиятида қайси номиналдаги купюра кўпроқ ва қайси бири камроқ фойдаланилаётгани аниқланади. Чунки бозорда банкнота номиналлари структурасига таъсир қилувчи бир қатор ўзгаришлар бошланган.
Марказий банк раиси бунга мисол қилиб Тошкент шаҳридаги автобусларда нақд пул қабул қилиш бутунлай тўхтатилганини келтирди. Унинг қайд этишича, бу пул муомаласига таъсир қилади. Чунки жамоат транспортида нақд пулда тўлов қилиш маълум бир банкнотага талабни шакллантирувчи омиллардан биридир.
«Мана шу битта ўзгариш банкнотанинг талаб структурасини ҳам ўзгартириши мумкин. Шундан келиб чиқиб, бошқа омиллар пайдо бўлдими, охирги йилларда биз пайқамаган нотўғри структурада банкнота чиқармаяпмизми, деган маънода энди биринчи қадамларимизни — диагностика қилишни бошладик. Лекин ҳеч қанақа режалар ва асослар йўқ», — деди Тимур Ишметов.
Унинг қайд этишича, ҳозирги асосий масала — инфляциянинг таргет даражасига эришишдир. Ундан кейин, узоқ муддатда янги купюра чиқариш ёки сўм деноминациясини кўтариш мумкин бўлади. Қарор қабул қилишда аниқ таҳлилларга асосланиш учун эса ўрганишлар давом эттирилади.
