Солиқ қўмитаси ЯТТлардан асоссиз ҚҚС ундирилаётганига муносабат билдирди
Қўмита мазкур ҳолатлар Солиқ кодекси нормаларига мувофиқ амалга оширилаётганини маълум қилди.
Давлат солиқ қўмитаси сўнгги кунларда айрим якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) томонидан йиллик айланмаси 1 млрд сўмга етмаган ҳолда ҚҚС тўловчиси сифатида автоматик рўйхатга олинаётгани ҳақидаги мурожаатларга муносабат билдирди.
Қўмита мазкур ҳолатлар Солиқ кодекси нормаларига мувофиқ амалга оширилаётганини маълум қилди.
Жумладан, Солиқ кодексининг 462-моддаси 8-қисмига асосан, агар янги рўйхатдан ўтган юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахснинг товарлар (хизматлар) реализациясидан олган даромади белгиланган назорат суммасидан ошса, бундай солиқ тўловчи рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Назорат суммаси қуйидаги тартибда аниқланади:
1 млрд сўм 365 кунга бўлиниб, солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган санадан йил охиригача бўлган кунлар сонига кўпайтирилади.
Масалан: — агар ЯТТ 2025 йил 1 октябрда рўйхатдан ўтиб, йил охиригача 300 млн сўм даромад олган бўлса, бу сумма ҳисобланган 252,05 млн сўм назорат кўрсаткичидан юқори бўлади ва у 2026 йил 1 январдан ҚҚС ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтади;
Назорат суммасини ҳисоблаб чиқариш:
1 000 000 000 : 365 х (31+30+31) = 252,05 млн сўм,
бунда,
31 – октябрда кунлар сони;
30 – ноябрда кунлар сони;
31 – декабрда кунлар сони.
— агар ЯТТ 2025 йил 1 ноябрда рўйхатдан ўтиб, йил охиригача 150 млн сўм даромад олган бўлса, бу сумма 167,12 млн сўм назорат кўрсаткичидан кам бўлгани сабабли, ҚҚС ва фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келмайди.
Назорат суммасини ҳисоблаб чиқариш:
1 000 000 000 : 365 х (30+31) = 167,12 млн сўм,
бунда,
30 – ноябрда кунлар сони;
31 – декабрда кунлар сони.
Шу муносабат билан Солиқ кодексининг ушбу нормаларига асосан 2026 йил 1 январдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтказилган тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинетига тегишли хабарномалар юборилган.
Солиқ қўмитаси тадбиркорларга ўз фаолияти ва даромад кўрсаткичларини доимий равишда таҳлил қилиб бориш, шунингдек, шахсий кабинетдаги хабарномаларни кузатиб боришни тавсия этади.
