Ўзбекистонда январда нархлар қандай ўзгарди?
Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, ноозиқ-овқатлар 0,4 фоизга, хизматлар 0,8 фоизга қимматлашди.
Ўзбекистонда 2026 йил январь ойида товар ва хизматлар нархлари умумий ҳисобда 0,7 фоизга ошди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълумот берди.
Январдаги нархлар ўзгариши
Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, ноозиқ-овқатлар 0,4 фоизга, хизматлар 0,8 фоизга қимматлашган. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан қўй гўшти 1,6 фоиз, суяксиз мол гўшти 1,1 фоиз, суякли мол гўшти қиймати 1 фоиз ошган. Парранда гўшти 1,5 фоиз, сут 1 фоиз, тухум нархи 0,6 фоизга кўтарилган.
Бир ой ичида булғор қалампири 18,5 фоиз, банан 6,3 фоиз, лимон 4,9 фоиз, карам 3,8 фоиз, картошка 1,9 фоиз, сабзи 1,8 фоиз, пиёз қиймати 1,2 фоиз фоиз кўтарилган.
Январда автосуғурта хизматлари рекорд даражада — 381,8 фоизга қимматлашган. Кўмир 2,3 фоиз, ёқиладиган ёғоч 1,7 фоиз, иссиқ сув таъминоти 0,9 фоиз, бензин 0,6 фоиз, пропан 8,9 фоиз, метан нархи 0,1 фоиз кўтарилган.
Ўз навбатида ҳайдовчиликка тайёрлаш курслари, дарслари, имтиҳонлари ва гувоҳнома олиш нархлари ўртача 5 фоизга қимматлашган. «Бу назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш қиймати ошгани ҳисобига юз берди», дея изоҳлаган қўмита.
Йиллик кўрсаткичлар
Январь ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 7,2 фоизни ташкил этди. Бу охирги тўққиз йил ичидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Ўтган ойда қўй гўшти нархи 2025 йил январдагига нисбатан 27,2 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, суякли мол гўшти 23,8 фоизга қимматлашган. Сут йиллик ҳисобда 6 фоизга, ўсимлик ёғи 12,8 фоизга, лимон нархи 90,8 фоизга ошган.
Бир йил ичида мобил алоқа хизматлари 17,9 фоизга, пропан 12,3 фоизга, метан нархи 30,2 фоизга кўтарилган. Шу билан бирга, узоқ масофага қатнайдиган поезд чипталари 8,6 фоизга, авиақатновлар 17,1 фоизга қимматлашган.
Ҳудудларда нархлар ўсиш даражалари
Ўзбекистон ҳудудларида товар ва хизматлар нархлари ошишида фарқлар мавжуд. Айрим вилоятларда инфляция даражаси умумий йиллик кўрсаткичдан паст, бошқаларида баланд шаклланади. Масалан, 2025 йил январдан жорий йил январигача бўлган даврда энг юқори инфляция Фарғона вилоятида кузатилган — 7,7 фоиз. Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистонда ҳам нархлар нисбатан тезроқ ўсган — 7,5 фоиз. Энг паст даражадаги нархлар ошиши Жиззах (6,7 фоиз) ва Тошкент (6,8 фоиз) вилоятларида қайд этилган. Қолган ҳудудлардаги йиллик инфляция кўрсаткичлари қуйидагича бўлган:
- Наманган вилояти — 7,4 фоиз фоиз;
- Сурхондарё вилояти — 7,4 фоиз;
- Сирдарё вилояти — 7,3 фоиз;
- Андижон вилояти — 7,2 фоиз;
- Самарқанд вилояти — 7,2 фоиз;
- Тошкент шаҳри вилояти — 7,2 фоиз;
- Қашқадарё вилояти — 7 фоиз;
- Навоий вилояти — 7 фоиз.
Маълумот учун, Марказий банк 2026 йил якунига қадар республикада йиллик инфляция даражаси 6,5 фоизга тушиши кутилаётганини прогноз қилган.
