Ишлаб чиқариш ва қурилиш корхоналарининг солиқ қарзи миқдори очиқланди
Ҳудудлар кесимида солиқ қарздорлиги кўрсаткичлари бўйича энг юқори ўринларда 951,9 миллиард сўм билан Тошкент шаҳри ва 643,6 миллиард сўм билан Тошкент вилояти турибди.
Солиқ қўмитаси Ўзбекистонда қурилиш ва ишлаб чиқариш корхоналарининг солиқ қарздорлиги қанча эканини очиқлади.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, ундирилиши лозим бўлган солиқ миқдори 100 миллион сўмдан юқори бўлган қурилиш ташкилотлари сони 1 808 тага етиб, уларнинг жами қарзи 3,1 триллион сўмни ташкил қилган. Шундан 1,4 триллион сўм қисми, яъни 46,8 фоизи йирик 10 та корхона ҳиссасига тўғри келади.
Ҳудудлар кесимида солиқ қарздорлиги кўрсаткичлари бўйича энг юқори ўринларда 951,9 миллиард сўм билан Тошкент шаҳри ва 643,6 миллиард сўм билан Тошкент вилояти турибди. Ундан кейинги жойни 279,4 миллиард сўм қарзи бўлган Андижон вилояти эгаллади.
Ишлаб чиқариш корхоналарида эса солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори муассасалар сони 925 тага етган. Уларнинг жами қарздорлиги 1,4 триллион сўм бўлиб, бунинг 34,3 фоизи, 506,2 миллиард сўми топ 10 ташкилотга тегишлидир.
Ишлаб чиқариш соҳасида солиқ қарзи юқори ҳудудлар:
- Тошкент вилояти — 335,7 миллиард сўм;
- Фарғона вилояти — 194,5 миллиард сўм;
- Андижон вилояти — 176,3 миллиард сўм.
Ўтган йилда ишчиларининг солиқ қарзи энг юқори 3 та корхона номи маълум қилинганди. Ўзбекистонда 170 мингдан ортиқ ташкилотнинг 740 мингдан ошиқ ходимида мол-мулк ва ер солиғидан қарздорликлар мавжуд.
